Ўта қашшоқликка чек қўйиш нархи ўйланганидан анча арзон экани маълум бўлди
Иқтисодчиларнинг янги ҳисоб-китобларига кўра, бу маблағ одамлар ҳар йили косметика ёки спиртли ичимликларга сарфлайдиган харажатлардан анча кам.

Дунё бўйлаб ўта қашшоқликни тугатиш йилига 318 миллиард доллар ёки глобал ялпи ички маҳсулотнинг бор-йўғи 0,3 фоизини ташкил этади. Берклидаги Калифорния университети Эффектив глобал ҳаракатлар маркази (CEGA) иқтисодчилари ва ҳаммуаллифлари томонидан ўтказилган янги тадқиқот шундай хулосага келди. Бу ҳақда Эдвард Лемпиненнинг UC Berkeley нашрида эълон қилинган мақоласида батафсил маълумот берилган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу маблағ инсоният ҳар йили спиртли ичимликлар (глобал маҳсулотнинг 2,2 фоизи) ёки косметика (0,6 фоизи) учун сарфлайдиган маблағдан анча камдир.
Сунъий интеллект қандай ёрдам беради?
Тадқиқот муаллифлари Жошуа Блуменсток ва Пол Нихауснинг таъкидлашича, илгари ёрдам пуллари барчага бир хил (универсал) берилгани сабабли харажатлар ҳаддан ташқари кўп бўлган. Янги усулда эса машинавий ўқитиш (AI) алгоритмлари сунъий йўлдош тасвирлари, уй қурилиши материаллари ва истеъмол даражаси каби деталларни таҳлил қилиб, кимга қанча маблағ кераклигини метрлик аниқликда белгилаб беради. Бу 85 та давлатдаги 533 миллион кишини қашшоқликдан олиб чиқиш имконини беради.
Иқтисодчи Жошуа Блуменсток ва Пол Нихаус бошчилигидаги гуруҳ 23 та паст даромадли мамлакатдаги уй хўжаликлари маълумотларини таҳлил қилиб, сунъий интеллект ёрдамида кўмакка муҳтож оилаларни аниқ белгилаш моделини ишлаб чиқди. Ушбу модел ёрдамни ҳар бир оилага индивидуал эҳтиёжидан келиб чиқиб йўналтириш орқали харажатларни тежашга асосланади.
Мақолада келтирилишича, агар ушбу тизим АҚШдаги ўртача даромадга эга бўлган фуқаро (йилига 45 000 доллар топувчи) мисолида кўрилса, унинг глобал қашшоқликка қарши ҳиссаси йилига тахминан 135 долларга тўғри келади.
Шуни таъкидлаш керакки, ушбу ҳисоб-китоблар Жаҳон банки томонидан ўрнатилган кунлик 2,15 долларлик даромад мезонига асосланган. Тадқиқот муаллифлари орасида CEGA маълумотлар олими Лео Селкер ҳамда Стэнфорд университети вакиллари Рошни Сахоо ва Стефан Вагер ҳам бор.
Тадқиқот муаллифлари қашшоқликни бартараф этиш йўлида сиёсий қийинчиликлар мавжудлигини эътироф этишган. Уларнинг фикрича. кўплаб камбағал давлатлар ташқи ёрдамсиз қашшоқликни йўқ қила олмайди.





