Озарбойжон Эронга қарши урушга қўшиладими? — Боку дилемма қаршисида
Исроил ва Қўшма Штатлар коалицияси Эронга қарши бир ҳафтадан бери олиб бораётган уруш минтақадаги аксарият мамлакатларга дахл қилиб улгурди. Жанубий Кавказ ҳам бундан мустасно бўлмади.

5 март куни Эрон илк бор Озарбойжоннинг Нахичивон минтақасидаги аэропортга тўртта дрон билан зарба берди. Бунга жавобан Озарбойжон буни теракт деб атади ва қўшинларини юқори шайлик ҳолатига келтирди.
Шу тариқа, Эрон билан тахминан 765 километрлик узун қуруқлик чегарасига эга бўлган Озарбойжон хавфсизлик соҳасида янги дилемма ва урушга тўлақонли жалб этилиш истиқболига дуч келди. Озарбойжонлик сиёсатшунос Ғанимат Зоҳид «Европейская правда» нашри учун вазиятни таҳлил қилиб берди.
Бундай сценарийнинг эҳтимоли қанчалик?
Биринчи қарашда, Озарбойжоннинг ушбу урушда ҳозирги босқичда тўғридан-тўғри иштирок этиши жуда эҳтимолли бўлиб кўринмайди.
Бироқ бир қатор сценарийларда Озарбойжоннинг урушга кириши мутлақо имконли бўлиб қолади.
Биринчи сценарий — Эрон томонидан Озарбойжонга қарши тўғридан тўғри ҳарбий таҳдид ёки ҳужум эҳтимоли. Бу ҳолатда Озарбойжон, халқаро ҳуқуққа мувофиқ, ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўриши мумкин.
Дарвоқе, сўнгги кунларда Эрон дронлари томонидан Озарбойжон ҳудудига зарбалар берилгани фактини содир бўлган деб ҳисоблаш мумкин, гарчи расмий Теҳрон ушбу дронларнинг «муаллифлигини» тан олишдан бош тортган бўлса-да.
Иккинчи сценарий — йирик минтақавий коалициянинг шаклланиши.
Агар Қўшма Штатлар ва Исроил Эронга қарши кенг кўламли уруш бошласа, минтақадаги стратегик ҳамкорлардан логистика, разведка ёки ҳаво ҳудудини тақдим этиш кўринишидаги ёрдам талаб қилиниши мумкин.
Агар иттифоқчилар Эронга қарши ҳарбий операциялар давомида қуруқликдаги қўшинларни қўллаш ҳақида қарор қабул қилсалар, бундай талаб Озарбойжон олдига ҳам қўйилиши мумкин.
Учинчи сценарий — Эроннинг ичида жиддий сиёсий инқироз ёки беқарорлик. Бундай вазият минтақада янги сиёсий ва этник жараёнлар бошланишига олиб келиши мумкин.
Шуни ҳисобга олиш керакки, Эроннинг шимолида, Озарбойжон Республикаси билан чегарадош ҳудуддан бошлаб жанубга қараб «Жанубий Озарбойжон» деб аталадиган кенг ҳудуд жойлашган бўлиб, у ерда 30–35 миллион этник озарбойжонлар истиқомат қилади.
Агар Жанубий Озарбойжонда фуқаролар уруши деб баҳоланиши мумкин бўлган қўзғолонлар ёки исёнлар авж олса, Озарбойжон Республикаси армиясининг Эронга аралашиши учун муайян маънавий асослар юзага келишини тахмин қилиш мумкин.
Шу билан бирга, Эрон армияси шахсий таркибининг сезиларли қисми этник Озарбойжонлардан иборат эканлигини ёдда тутиш лозим.
Демак, агар Озарбойжон Республикаси армияси Эронга тўғридан тўғри ҳарбий аралашув ҳақида буйруқ олса, чегаранинг нариги томонида уни Эрон армиясининг озарбойжонлардан ташкил топган бўлинмалари кутиб олиши мумкин.
Боку ушбу урушдаги иштирокидан қандай манфаатлар олиши мумкин?
Биринчидан, минтақада Эрон кучсизланган тақдирда янги кучлар баланси шаклланиши мумкин, бу эса Бокунинг минтақавий таъсирини потенциал равишда ошириши мумкин.
Иккинчидан, Озарбойжоннинг Туркия ва Исроил билан ҳарбий-технологик ҳамкорлиги янада кучайиши эҳтимоли мавжуд.
Ва ниҳоят, учинчидан — Эрон ичида яшаётган миллионлаб Озарбойжонлар масаласи халқаро кун тартибига чиқиши мумкин.
Озарбойжон учун қандай хавфлар мавжуд?
Шу билан бирга, Озарбойжон учун мавжуд бўлган жиддий хавфларни ҳам дарҳол қайд этиш зарур.
Иттифоқчилар томонида Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш унинг Туркия билан муносабатларида зиддиятларни юзага келтириши мумкин. Анқара Эроннинг парчаланишини ёки унинг рухсат этилган даражадан ортиқча заифлашишини қатъиян истамайди.
Навбатдаги хавф — Бокунинг бундай урушга тайёрлиги.
Сўнгги йилларда Озарбойжон армияси модернизация жараёнидан ўтди ва минтақадаги энг кучли армиялардан бири деб ҳисобланади. Айниқса, пилотсиз парвоз қурилмалари, юқори аниқликдаги қурол тизимлари ривожланиши, шунингдек, Туркия билан ҳарбий ҳамкорлик унинг салоҳиятини оширди.
Бироқ катта ҳудудга, салмоқли аҳолига ва ривожланган ҳарбий инфратузилмага эга бўлган Эрон каби давлат билан тўлақонли уруш бутунлай бошқа миқёсдаги можарони англатади.
Бундан ташқари, Эрон минтақадаги энг йирик ракета арсеналига эга давлатлардан бири эканлигини унутмаслик керак. Уруш шароитида Озарбойжоннинг энергетика инфратузилмаси, нефт-газ терминаллари ва стратегик объектлари потенциал нишонларга айланиши мумкин.
Озарбойжон иқтисодиёти айнан шу омилларга кўп жиҳатдан боғлиқ, ваҳоланки, нефтга оид бўлмаган сектордан келадиган даромадлар аҳамиятсиз бўлиб қолмоқда. Нефт секторига бериладиган зарбалар ва улар келтириб чиқарадиган вайронагарчиликлар мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий коллапсига олиб келиши мумкин.
Бунинг оқибатида, кучишлатар тузилмалари назоратидан ташқарига чиқиб кетадиган жиддий сиёсий беқарорлик юзага келиши мумкин.
Бошқа муҳим хавф — ушбу қарама-қаршиликка минтақанинг йирик давлатлари жалб этилишидир.
Эҳтимолий уруш миқёсининг кенгайишидан Россия манфаатдор бўлиши мумкин
Чунки Озарбойжоннинг заифлашиши Кремлга Жанубий Кавказ минтақаси устидан ўз назоратини қайтариш имконини беради.
Айнан шунинг учун ҳам ҳозирги босқичда Озарбойжон учун энг мақбул стратегия — тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувга киришмаслик, минтақавий барқарорликни сақлаб қолиш ва мувозанатлашган дипломатик сиёсатни давом эттириш бўлиб қолмоқда.
Бундай урушнинг потенциал хавфлари мумкин бўлган геосиёсий манфаатлардан сезиларли даражада юқоридир.





