
Ўзбекистонда пластик ва виртуал тўлов бозори қандай шаклланяпти?
Марказий банк маълумотлари Ўзбекистонда банк карталари бозори дебет маҳсулотлари ҳисобига ўсиб, халқаро тизимлар устун, виртуал карталар эса янги ўсиш нуқтасига айланаётганини кўрсатмоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакатда жами 298 турдаги банк картаси тури мавжуд бўлиб, уларнинг мутлақ кўпчилигини — 287 та дебет карталари ташкил қилади. Кредит карталари эса ҳозирча чекланган сегмент бўлиб, атиги 11 та тур билан ифодаланган. Бу нисбат банк хизматларида ҳозирча кундалик тўловлар ва ҳисоб-китобларга хизмат қилувчи инструментлар устувор эканини кўрсатади.

Дебет карталари таркибида валюта бўйича тақсимот алоҳида эътиборга лойиқ. Уларнинг 145 таси хорижий валютада, 103 таси миллий валютада, яна 39 таси мултивалютали ҳисобланади. Яъни, дебет карталарининг ярмидан ортиғи тўғридан тўғри чет эл валюталари билан боғлиқ. Бу ҳолат халқаро тўловлар, саёҳат, онлайн-харидлар ва трансчегаравий пул оқимларига бўлган талабнинг ошиб бораётганини акс эттиради.

Тўлов тизимлари кесимида халқаро брендлар етакчилик қилмоқда. «Visa» тизимида 108 та, «Mastercard»da 59 та, «UnionPay»da эса 14 та карта тури мавжуд. Умумий халқаро карталар ичида «Visa» улуши қарийб 60 фоизга яқин бўлиб, бу ушбу тизимнинг бозордаги устун мавқеини яна бир бор тасдиқлайди. Миллий тўлов тизимларида эса рақобат анча мувозанатли: «Uzcard» — 54 та, «Humo» — 46 та карта тури билан тақдим этилган. Бу икки тизим миллий бозорда деярли тенг позицияда эканини кўрсатади.
Бозор иштирокчилари нуқтаи назаридан олганда, банк карталари сегментида 35 та тижорат банки фаол иштирок этмоқда. Жами 298 та карта турини инобатга олсак, ҳар бир банк ўртача 8–9 турдаги маҳсулотни таклиф қилмоқда. Бу рақобатнинг юқорилиги ва маҳсулотлар сегментациясининг кучайганидан далолат беради. Шу билан бирга, таклифлар кўплиги мижозлар учун танловни мураккаблаштириши ҳам мумкин.
Алоҳида сегмент сифатида виртуал банк карталари ҳам шаклланиб бормоқда. Ҳозирги кунда 29 та виртуал карта тури мавжуд бўлиб, уларнинг 17 таси миллий валютада, 12 таси хорижий валютада. Умумий бозорда виртуал карталар улуши ҳали катта эмас, аммо онлайн-савдо, рақамли хизматлар ва хавфсиз тўловларга бўлган эҳтиёж ошгани сайин ушбу сегмент стратегик аҳамият касб этмоқда.
Мижозлар таркибига назар ташласак, гендер кесимида катта номутаносиблик кузатилмайди. Мижозлар базасида эркаклар ва аёллар улуши деярли тенг, банк карталари эгалари орасида эса бироз фарқ сақланиб қолган. Бу ҳолат банк хизматларидан фойдаланишда умумий иштирок юқори эканини, аммо айрим маҳсулот турларида ҳали ҳам маълум фарқлар борлигини кўрсатади.
Умуман олганда, мавжуд рақамлар Ўзбекистонда банк карталари бозори асосан дебет маҳсулотлари ҳисобига ўсиб бораётганини, халқаро тўлов тизимлари етакчи ўринни эгаллаётганини ва виртуал карталар келажакда ўсиш нуқтаси бўлишини кўрсатади. Кредит карталари сегменти эса ҳозирча чекланган бўлиб, уни ривожлантириш эҳтиёткорлик, рискларни бошқариш ва мижозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ёндашувни талаб қилади.
Аввалроқ, банк карталари орқали амалга оширилаётган нақдсиз тўловлар ҳажми ва фаоллиги жадал ошаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Teglar






