
Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида 20 та сунъий интеллект лойиҳаси жорий этилади
«Ўзбекистон-2030» стратегиясининг янги таҳририда тиббиётни тўлиқ рақамлаштириш ва сунъий интеллект орқали хизматлар сифатини ошириш кўзда тутилмоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон-2030 стратегияси лойиҳасида соғлиқни сақлаш тизимини рақамли трансформация қилиш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Ҳужжатда тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш ва соҳада 20 та сунъий интеллект лойиҳасини ишга тушириш орқали хизматлар сифати ҳамда бошқарув самарадорлигини ошириш режалаштирилган.
Стратегия лойиҳасига кўра, тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш даражасини 100 фоизга етказиш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган. Бу жараён доирасида тиббий маълумотларни электрон шаклда юритиш, хизматларни ҳисобга олиш ва бошқарув қарорларини қабул қилишда рақамли ечимлардан кенг фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Сунъий интеллект лойиҳалари, аввало, диагностика ва мониторинг жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган. Маълумотлар таҳлили асосида қарор қабул қилишни тезлаштириш, тиббий хатоларни камайтириш ҳамда беморлар учун хизматлардан фойдаланишни янада қулай қилиш асосий вазифалар сифатида белгиланган.
Шунингдек, рақамлаштириш орқали тиббий хизматларни ҳисобга олиш, йўлланмалар бериш ва қабул жараёнларини тизимлаштириш, тиббиёт муассасалари ўртасида маълумотлар алмашинувини яхшилаш режалаштирилган. Бу эса соҳа самарадорлигини ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, стратегия лойиҳасида аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган бошқа мақсадлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, профилактик кўриклар қамровини кенгайтириш, айрим касалликлар бўйича эрта аниқлаш ва даволаш кўрсаткичларини ошириш режалаштирилган.
Ушбу ташаббуслар тиббиёт соҳасида рақамли инфратузилмани мустаҳкамлаш, хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли учун тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, 2025 йил давомида республика тиббиёт тизимида рақамлаштириш жараёнлари жадаллашди ва сунъий интеллект асосида амалга оширилаётган текширув ҳамда муолажа турлари 43 тага етган.





