Ўзбекистондаги аномал иссиқ сабаб боғчалар маълум муддат ёпилиши мумкин
Бу бўйича тегишли чоралар ҳудудлардаги ҳаво ҳароратидан келиб чиқиб белгиланади.
© Soliq xizmatiЖорий йилнинг 13–17-июль кунлари Ўзбекистон бўйлаб иссиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бунинг ортидан республикадаги мактабгача таълим муассасалари вақтинча ёпилиши мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова Vaqt.uz’га маълум қилди.
Унинг айтишича, вазирлик мазкур масала юзасидан ҳудудлардаги ҳокимликлар, Санэпидқўмита ва «Ўзгидромет» билан мулоқот ўтказган. Шунга кўра, ҳокимликлар шароитдан келиб чиқиб, тегишли чоралар кўриши белгиланган. Лекин бу барча боғчалар ёпилади дегани эмас. Бу бўйича ҳудудлардаги ҳаво ҳароратидан келиб чиқиб қарор қилинади.
Маълумот учун, ушбу ҳафтада Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +38...+41 даража атрофида, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +42...+44 даражагача бўлади. Кундузги ҳаво ҳарорати +41...+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +42...+44 даражагача кўтарилади. Кечалари ҳаво дим бўлиб, +23...+28 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +28...+33 даража атрофида бўлади. Кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача иссиқ аста-секин кучайиб боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистоннинг қатор шаҳар ва туманларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабабли давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бир неча кунга фаолиятини тўхтатиши хабар қилинганди. Бу қарор болаларни экстремал иссиқнинг салбий асраш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Боғчалар фаолиятини вақтинча тўхтатиш санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хулосалари ҳамда тавсиялари асосида амалга оширилади.





