Креатив иқтисодиётнинг Ўзбекистон ЯИМдаги улуши 5 фоизга етказилади
Президент Шавкат Мирзиёев янги ташкил этилаётган Креатив индустрия парки айни шу мақсадларга хизмат қилишини билдирди.

Бугунги кунда маданият ва санъат соҳасини маънавий тарбия воситаси ва креатив иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида ривожлантириш, ижодий индустрияни қўллаб-қувватлаш, маданий хизматлар бозорини тараққий эттириш, санъат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон маданият ва санъат ходимларига табригида сўз боради.
«Янги ташкил этилаётган Креатив индустрия парки айни шу мақсадларга хизмат қилади. Биз бу борада катта марра олиб, 2030 йилгача креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга етказамиз. Албатта, бу улкан режа ва ташаббусларни амалга оширишда сиз, жонкуяр ва фидойи инсонларнинг ўрни беқиёсдир», – дейилади президент табригида.
Қилинаётган ишлар
Сўннги йилларда Ўзбекистонда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда ушбу йўналишда 5 та олийгоҳ ташкил этилди, кўплаб муассасалар замонавий жиҳозлар билан таъминланди, 125 та тарихий-маданий мерос объектида уларни асраш ва тиклаш бўйича зарур ишлар амалга оширилди.
Ўтган йили тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилдик. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий музейи биноси қурилиши бошланди.
Жорий йилда эса Марказий кўргазмалар зали, Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондининг биноси, Павел Бенков номидаги рассомлик мактабида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Ўтган йилнинг ўзида соҳада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган 35 нафар ходим уй-жой билан таъминланди. Маданият муассасалари ходимлари иш ҳақи ўртача 35 фоизга оширилди. Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев, ёш хонандалар учун Ботир Зокиров номидаги мукофотлар ҳамда маҳаллий ва хорижий ижодкорлар учун “Келажак мероси” халқаро мукофоти тақдим этиб келинмоқда.
Креатив иқтисодиёт нима?
Креатив иқтисодиёт бу инсонларнинг ижодий салоҳияти, интеллектуал қобилияти, инновациялар ва технологияларга асосланган, иқтисодий қимматга эга товар ҳамда хизматларни яратишга қаратилган иқтисодиёт тармоғидир. Бу йўналишда асосий ресурс хомашё эмас, балки ғоя ва креативлик ҳисобланиб, у бандликни ошириш ва бойлик яратиш орқали иқтисодий ўсишга ҳисса қўшади.





