Иссиқлик тарифлари, ёқилғи нархи ва бюджет тақчиллиги: Марказий банк нималарни изоҳлади?
Марказий банк иссиқлик тарифлари ва ёқилғи нархининг инфляцияга таъсири, бюджет тақчиллигининг нархлар босимидаги ўрни ҳамда асосий ставкани пасайтириш имкониятларига ойдинлик киритди. Vaqt.uz матбуот анжуманида кўтарилган муҳим саволларга берилган жавобларни жамлади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМарказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди. Гарчи иқтисодиётда инфляциянинг секинлашиши, миллий валюта бозоридаги ижобий тенденциялар ва аҳоли кутилмаларининг пасайиши кузатилаётган бўлса-да, регулятор пул-кредит сиёсатини юмшатишга ҳали шошилмаяпти.
Марказий банк матбуот анжуманида кредит фоизлари, аҳоли инфляцион кутилмалари, озиқ-овқат нархлари, энергия тарифлари ва давлат бюджетнинг инфляцияга таъсири юзасидан ҳам изоҳ берди. Vaqt.uz жавобларни таҳлил қилиб, иқтисодиёт ва аҳоли учун муҳим бўлган жиҳатларни бир жойга жамлади.
«Ставкани 13,5 фоизгача пасайтириш ҳам муҳокама қилинди»
Марказий банкнинг асосий ставкани 14 фоизда сақлаб қолиш қарори инфляцион босимлар ҳали тўлиқ бартараф этилмаганини англатади. Қизиғи, регулятор йиғилишда ставкани пасайтириш масаласини ҳам муҳокама қилган.
«Бугунги бошқарув йиғилишида иккита вариант — асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш ёки 13,5 фоизгача пасайтириш муҳокама қилинди. Яъни пасайтириш варианти 13 фоиз эмас, айнан 13,5 фоиз эди», — деди Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов.
Очиловнинг таъкидлашича, тарифлар ўзгаришининг инфляцияга дастлабки таъсири қисқа муддатли бўлиши мумкин. Асосий хавф эса бу ўзгаришларнинг бошқа товар ва хизматлар нархига ўтишидир.
«Амалдаги қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш айнан шу иккиламчи таъсирларни юмшатиш ва кенгроқ инфляцион босимларнинг юзага келишига йўл қўймаслик учун мақсадга мувофиқ деб топилди».
Регулятор вакилига кўра, аҳолининг ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасаймоқда, базавий инфляция барқарорлашмоқда, валюта бозорида ҳам ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Бироқ бу омилларнинг ўзи ставкани тушириш учун етарли эмас. Марказий банк инфляциянинг барқарор пасайишига ишонч ҳосил қилгандагина пул-кредит сиёсатини юмшатиши мумкин.

Manba: Markaziy bank
Шакар импортига чеклов озиқ-овқат инфляциясига таъсир қиладими?
Яқинда шакар импортига кунлик 200 тонналик чеклов жорий этилгани ҳақида маълумот тарқалди. Бу озиқ-овқат бозоридаги нархларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ва ҳукумат қарорни қабул қилишдан олдин Марказий банк билан маслаҳатлашганми, деган саволга Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов жавоб берди.
Унинг айтишича, регулятор келгуси йилда озиқ-овқат инфляциясининг пасайишини кутмоқда. Шакар ҳам инфляцияни ҳисоблашда фойдаланиладиган 517 та товар ва хизматдан иборат истеъмол саватига киритилган.
«Кузатувларимизга кўра, жорий йилда шакар нархи нисбатан барқарор шаклланмоқда. Олдинги йилларда жаҳон бозорида шакарнинг нархи ошгани ички нархларга ҳам таъсир кўрсатган эди. Кейинги даврдаги мувозанатлашув эса шакар нархлари орқали умумий инфляцияга келадиган босимни сезиларли даражада юмшатди», — деди раис ўринбосари.
Нодирбек Очилов шакар ҳозирча озиқ-овқат инфляцияси учун катта хавф сифатида баҳоланмаётганини билдирди.
«Шу боис ҳозирги баҳолашларимизда шакарнинг ўзи озиқ-овқат инфляцияси учун катта хатар сифатида кўрилмаяпти. Албатта, ушбу маҳсулот нархи ва ташқи савдо шароитлари озиқ-овқат товарларининг умумий гуруҳи таркибида кузатиб борилади. Умумий гуруҳ бўйича эса инфляциянинг пасайиши кутилмоқда», — деди Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов.
Суюлтирилган газ қимматлашиши инфляцияга қандай таъсир қилади?
Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда сақлаб қолиш сабабларидан бири сифатида таклиф омилларининг инфляцияга таъсири кучаяётганини кўрсатган. Хусусан, импорт нархлари, энергия тарифлари ва транспорт харажатларидаги ўзгаришлар назарда тутилган. Суюлтирилган газ нархининг ошиши ҳам шундай омиллардан бири ҳисобланади.
Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очиловнинг тушунтиришича, ушбу омилларнинг инфляцияга таъсири асосан бир марталик ва қисқа муддатли характерга эга.
«Таклиф омиллари деганда, биринчидан, инфляциянинг таркибий компонентларидан импорт билан боғлиқ омиллар, энергия тарифлари билан боғлиқ омиллар, транспорт харажатлари билан боғлиқ омиллар киради. Пресс-релизда ҳам таъкидланганидек, режалаштирилган айрим ўзгаришлар қисқа муддатли таъсирга эга бўлгани учун булар инфляцияга бир марталик таъсир этувчи омиллар ҳисобланади», — деди раис ўринбосари.
Очиловнинг қайд этишича, энергия тарифлари ва бошқа тартибга солинадиган нархларнинг ўзгариши иқтисодиётдаги харажатлар мувозанатини шакллантириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар учун барқарорроқ шароит яратиш билан боғлиқ.
«Иқтисодиётдаги баланслаштириш, умуман харажатларни давлат бюджетидан қайсидир маънода бозор қонунларига ўтказиш, ишлаб чиқарувчи субъектларга етарли шароит яратиш учун бу ўзгаришлар бўляпти ва зарурий ўзгаришлар ҳисобланади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, тарифларни эркинлаштириш жараёнлари якунлангач, ушбу омилларнинг инфляцияга таъсири босқичма-босқич камайиши кутилмоқда. Ҳозир эса Марказий банк учун асосий вазифа бирламчи нарх ўзгаришларининг бошқа товар ва хизматлар нархига ўтишининг олдини олишдир.
«Бугунги ставканинг яна шу юқори 14 фоиз даражасида сақланишининг сабаблари ҳам иккиламчи таъсирларни мувозанатлаштириш. Яъни бу кутилмаларга ўтмаслиги ёки унинг таъсирлари узоқроқ инфляциянинг барқарор компонентларига ўтиб кетмаслиги учун».
Очиловнинг таъкидлашича, тарифларни эркинлаштириш жараёнлари мантиқий якунига етгач, инфляцияга таклиф омилларининг таъсири камаяди. Шундан сўнг ташқи шоклар ва ички талаб билан боғлиқ омилларнинг аҳамияти ортиши кутилмоқда.

Manba: Markaziy bank
«Эҳтимоли юқорироқ» — иссиқлик тарифларининг оширилиши ҳақида
Ўзбекистонда иссиқ сув ва иситиш хизматлари тарифларини 30 фоизгача ошириш масаласи ҳали узил-кесил ҳал қилинмаган. Бироқ Марказий банк вакиллари тарифлар оширилиши эҳтимолини юқори деб баҳоламоқда. Ушбу омил 2026-йилнинг якуни бўйича инфляция прогнозининг 6,5 фоиздан 7 фоизга кўтарилишида ҳам ҳисобга олинган.
Матбуот анжуманида Vaqt.uz мухбири иситиш тарифларининг 30 фоизга оширилиши ҳақидаги режалар Марказий банкнинг инфляция прогнозлари ва асосий ставка бўйича қарорларида қай даражада ҳисобга олингани ҳақида савол берди.
Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очиловнинг айтишича, иситиш тарифлари ва суюлтирилган газ нархининг ошиши билан боғлиқ бир марталик инфляцион таъсирлар жорий прогнозларда инобатга олинган.
Унинг таъкидлашича, тарифлар ошиши аҳоли даромадлари ва харид қобилиятига салбий таъсирини юмшатиш учун ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам эълон қилинган. Жумладан, базавий меъёр 200 дан 300 гача оширилган, белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол учун эса ижтимоий реестрга киритилган оилаларга компенсация бериш назарда тутилган.
«Биз суюлтирилган газ бўладими ёки иситиш тарифларини ошириш бўладими, уларнинг бир марталик таъсирларини жорий прогнозга инобатга олганмиз. Келгуси йил прогнозларига ҳам эълон қилинган барча ўзгаришлар киритилган. Шу нуқтаи назардан, прогнозда 7 фоиз дейилганда, барча омиллар ҳисобга олинган», — деди Очилов.
Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Самиғжон Иноғамов ҳозирча бу борада расмий қарор қабул қилинмаганини билдирди.
«Йўқ, бу бўйича ҳали аниқ қарор чиқмади. Энди буни ҳукумат томонидан чиқади. Ўзи одатда бу коммунал тўловлари, иссиқ сув, совуқ сув, иситиш хизматлари бўйича қарорлар ҳудудий ҳокимиятлар тасарруфида бўлган масала. Бу бўйича қарор расман эълон қилингандан кейин у кучга киради. Ҳалигача бизда бор маълумотлар бўйича қарор қабул қилинмаган», — деди у.
Шу билан бирга, Иноғамов тарифлар оширилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан:
«Эҳтимоли юқорироқ. Энди ҳокимга чиқарилгандан кейин унинг эҳтимоли юқорироқ», — деди.
Марказий банк вакили иситиш ва иссиқ сув хизматлари нархининг оширилиши дастлабки макроиқтисодий прогнозларда ҳам ҳисобга олинганини маълум қилди. Бироқ аввалги ҳисоб-китобларда тарифлар ўсиши ҳозир кутилаётган даражадан пастроқ бўлган.
Самиғжон Иноғамовнинг тушунтиришича, тарифларнинг қўшимча ошиши янги прогнозларга киритилган. Бу эса йил якунидаги инфляция прогнозининг 6,5 фоиздан 7 фоизга кўтарилишига сабаб бўлган омиллардан бири ҳисобланади.
«Дастлабки прогнозимизда бу кўрсаткични анча пастроқ олган эдик. Тарифларнинг ошган қисми қўшимча равишда янги прогнозимизга киритилди. Шунинг учун ҳам прогнозни 6,5 эмас, 7 фоиз деб бердик. Умумий инфляцион тенденция пасаяётганига қарамасдан, прогнозни оширишимизнинг сабаби шунда», — деди у.

Manba: Markaziy bank
Асосий ставка пасайса, омонатлар фоизи ҳам тушадими?
Марказий банк асосий ставкани келгусида пасайтиришга ўтса, бу тижорат банкларидаги депозит фоизларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Бундай вазиятда аҳоли омонатларининг даромадлилиги сезиларли камайиши эҳтимоли ҳақидаги Vaqt.uz мухбири саволига Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Самиғжон Иноғамов жавоб берди.
Унинг тушунтиришича, асосий ставканинг пасайиши депозитлар бўйича номинал фоизларга таъсир қилади. Бироқ бу аҳоли жамғармаларининг реал даромадлилиги ҳам камаяди дегани эмас.
«Асосий ставкани пасайтиришимиз номинал ставкаларга таъсир қилади. Агар инфляция барқарор пасайиб, мақсадли кўрсаткичга етиш имкониятлари мустаҳкамланса, базавий инфляциянинг барқарор пасайиш тенденцияси давом этса, бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиб борса, юмшатиш фазасига ўтиш имконияти пайдо бўлади», — деди Пул-кредит сиёсати департаменти директори.
Иноғамовнинг таъкидлашича, пул-кредит сиёсатини юмшатиш бирданига ёки катта қадамлар билан амалга оширилмайди. Бу жараён босқичма-босқич кечади.
«Юмшатиш фазасига ўтиш ҳам катта қадамлар билан эмас, қисқа-қисқа қадамлар билан, босқичма-босқич амалга оширилади. Бунда аҳолининг депозитлари даромадлилиги юқори даражада сақланиб қолади», — деди Самиғжон Иноғамов.
Марказий банк вакили номинал фоиз ставкалари пасайиши мумкинлигини инкор этмаган. Бироқ унинг фикрича, инфляция ҳам пасайиб боргани сабаб омонатларнинг реал даромадлилиги юқори даражада қолиши мумкин.
«Реал қийматда, яъни инфляциянинг пасайишини ҳисобга олганда, даромадлиликнинг ўша реал қийматлари юқори даражада бўлиб қолади. Шу билан бирга, номинал фоизлари пасайиши мумкин», — деди Пул-кредит сиёсати департаменти директори.
Бюджет тақчиллиги инфляцияга босим қилган
Марказий банк сўнгги икки йилда фискал сиёсат инфляция жараёнларига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда. Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очиловнинг тушунтиришича, 2022–2023-йилларда давлат бюджети тақчиллигининг юқори даражада шаклланиши нархлар ошишига сезиларли босим яратган. Жорий йилда эса вазият ўзгарган — бюджет ижросида ижобий салдо, яъни профицит кузатилмоқда.
Бюджет тақчиллиги давлат харажатлари унинг даромадларидан кўп бўлган ҳолатни англатади. Бундай вазиятда давлат ўз харажатларини қоплаш учун қўшимча маблағ жалб қилади. Агар иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар ҳажми сезиларли ошиб, товар ва хизматлар таклифи бунга мос равишда кўпаймаса, иқтисодиётда қўшимча талаб юзага келиши мумкин. Талабнинг таклифдан тезроқ ўсиши эса нархларга босим ўтказади.
Очилов айнан бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги мувозанат инфляция жараёнларида муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
«Бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги нисбат, бошқача айтганда, иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар ва ундан йиғиб олинаётган ресурслар мувозанати инфляция жараёнларида муҳим аҳамият касб этади», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.
Марказий банк вакилининг фикрича, фискал тақчилликнинг қисқариши ва бюджетнинг айрим даврларда профицит билан ижро этилиши инфляцияни пасайтиришга ёрдам берадиган омиллардандир. Чунқи давлат харажатлари барқарорлашса, иқтисодиётга қўшимча талаб ва нархлар босимини юзага келтириш эҳтимоли камаяди. Бу эса Марказий банк зиммасидаги инфляцияни жиловлаш вазифасини ҳам енгиллаштиради.
Очилов фискал ва пул-кредит сиёсати бир-бирини тўлдириши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, бюджет харажатлари барқарорлашуви ва фискал интизомнинг сақланиши инфляцияга қарши курашиш учун монетар шароитларни қўшимча равишда қатъийлаштириш заруратини камайтириши мумкин. Бу, ўз навбатида, келгусида Марказий банкка пул-кредит шароитларини босқичма-босқич юмшатиш имкониятини кенгайтиради.
Бу масала асосий ставка бўйича қарорлар учун ҳам муҳим. Агар давлат харажатлари ва бюджет тақчиллиги инфляцион босимни күчайтирмаса, Марказий банк нархлар барқарорлигини таъминлаш учун пул-кредит сиёсатини янада қатъийлаштиришга камроқ эҳтиёж сезиши мумкин. Бироқ бу асосий ставка албатта пасайтирилади, дегани эмас. Бундай қарор инфляция, инфляцион кутилмалар ва бошқа иқтисодий кўрсаткичлар таҳлили асосида қабул қилинади.
Матбуот анжуманида инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш муддати 2027-йилдан 2028-йилга кўчирилиши мумкинми, деган савол ҳам берилди. Очиловнинг айтишича, Марказий банк бошқаруви пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқишда бу муддатни қайта кўриб чиқишни назарда тутмаган. Амалдаги прогнозга кўра, инфляция 2027-йилнинг иккинчи ярмида, йил охирига яқин 5 фоизлик мақсадга етиши кутилмоқда.
«Аммо бугунги кунда 5 фоизлик мақсадга эришиш муддатини 2028-йилга кўчириш бўйича қарор ёки режа йўқ», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.
Шу билан бирга, у йил давомида янги иқтисодий маълумотлар ва тенденциялар шаклланишини, Марказий банк эса ҳар бир йиғилишда вазиятни қайта баҳолаб боришини билдирди. Зарурат туғилса, прогнозлар аниқлаштирилиши мумкин. Очилов 5 фоизлик мақсадга эришишда ҳукумат билан ҳамкорликдаги чора-тадбирлар ҳам муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Manba: Markaziy bank
Ёқилғи нархи ошса ҳам, Марказий банк асосий ставкани пасайтириши мумкинми?
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш сабабларидан бири сифатида ёқилғи нархларидаги ўзгаришлар ва уларнинг инфляцияга таъсирини қайд этди. Бироқ ёқилғи, электр энергияси ва озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашганидан кейин нархлар кўпинча аввалги даражасига қайтмайди. Жаҳон бозорида нефт арзонлашган даврларда ҳам ички бозорда ёқилғи нархининг пасайиши ҳар доим кузатилмаган. Шу шароитда асосий ставкани келгусида 13,5 фоизгача тушириш имконияти нимага асосланади?
Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очиловнинг тушунтиришича, асосий ставка бўйича қарор қабул қилишда фақат бугунги нархлар эмас, балки уларнинг келгусидаги динамикаси, инфляция прогнози ва кутилмалар ҳам ҳисобга олинади. Ёқилғи нархи қандай ўзгариши мумкинлиги ва бунга жавобан қандай чоралар зарурлиги ҳам баҳоланади.
«Аввало, асосий ставка бўйича қарор қабул қилишда фақат бугунги нарх ўзгаришларига эмас, балки уларнинг келгусидаги динамикасига, инфляция прогнозига ва кутилмаларга таянамиз. Ёқилғи нархи қандай ўзгариши мумкинлиги ҳамда унга жавобан қайси чоралар зарур бўлиши баҳоланади. Ставкани 14 фоиз даражасида сақлаш бўйича бугунги қарорда ҳам ушбу омиллар инобатга олинган», — деди Очилов.
Унинг айтишича, асосий ставкани пасайтириш имкониятини баҳолашда инфляция ва инфляцион кутилмалар билан бир қаторда реал фоиз ставкаси ҳам муҳим. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, 14 фоизлик асосий ставка билан йил якунидаги 7 фоизлик инфляция прогнози ўртасида қарийб 7 фоиз бандлик фарқ мавжуд. Марказий банк нейтрал реал фоиз ставкасини эса 5 фоиз атрофида баҳоламоқда.
«Ҳисоб-китобларимиз бўйича нейтрал реал фоиз ставкаси 5 фоиз атрофида баҳоланмоқда. Шу нуқтайи назардан, реал ставкани ушбу даражага яқинлаштириш учун тахминан 2 фоиз бандлик имконият борлиги моделларимизда кўринмоқда. Бироқ бу асосий ставкани ҳозирнинг ўзида шунча миқдорга тушириш ҳақидаги қарор ёки ваъда эмас», — дея таъкидлади Марказий банк раиси ўринбосари.
Очилов ставкани пасайтириш ҳозирча бошланмаганини инфляциянинг бошқа таркибий қисмларида ҳам барқарор пасайиш кузатилиши зарурлиги билан изоҳлади. Яъни ёқилғи нархининг ўзгариши асосий ставка бўйича қарорда ҳисобга олинадиган омиллардан бири, аммо ягона омил эмас.
Марказий банк вакили энергия ва ёқилғи нархларининг дастлабки, бевосита таъсири билан уларнинг иқтисодиётдаги бошқа товар ва хизматлар нархларига ўтишини фарқлаш кераклигини айтди. Масалан, нефт ёки бензин нархининг дастлабки ошишини пул-кредит сиёсати орқали бевосита тўхтатиб бўлмайди. Бироқ бу ўсиш транспорт, логистика, юк ташиш ва бошқа хизматлар нархига қанчалик тез ҳамда қандай миқёсда ўтиши кузатилиши керак.
«Биз, масалан, нефт ёки бензин нархининг бирламчи ошишини пул-кредит сиёсати орқали бевосита тўхтата олмаймиз. Лекин бу ўсиш транспорт, логистика, юк ташиш ва бошқа хизматларнинг нархига қанчалик тез ҳамда қандай миқёсда ўтишини кузатишимиз зарур», — деди Очилов.
Унинг тушунтиришича, ёқилғи нархининг ошиши бошқа хизматлар нархига бир хил даражада таъсир қилмайди. Бунда иқтисодиётдаги талаб ва рақобат шароитлари ҳам муҳим. Агар муайян хизматга талаб юқори бўлса, харажатларнинг нархларга ўтиши кучлироқ бўлиши мумкин.
Очилов бу ҳолатни такси хизматлари мисолида тушунтирди. Унинг таъкидлашича, бугунги такси тарифлари бир неча йил олдингисидан фарқ қилади. Бироқ бу ўзгаришларда фақат ёқилғи харажатлари эмас, балки янги агрегаторларнинг бозорга кириши, рақобат ва турли бизнес моделлари ҳам рол ўйнаган. Айрим ҳолатларда янги иштирокчилар пайдо бўлиши илгари бозорда етакчи бўлган агрегаторларни ҳам нархларини пасайтиришга мажбур қилган.
«Асосий фикр шуки, бирламчи харажат ошиши ҳар доим бошқа барча нархлар ҳам айнан шунча ошиши дегани эмас», — деди Марказий банк вакили.
Очилов нархлар ҳеч қачон пасаймайди, деган фикрни барча маҳсулот ва хизматларга татбиқ этиб бўлмаслигини ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, истеъмол нархлари саватида 517 та товар ва хизмат позицияси мавжуд. Саватнинг қарийб 40 фоизини хизматлар ташкил этади. Уларнинг барчасида нархлар бир вақтда ва бир хил суръатда ўзгармайди: айрим хизматларда нарх ўсиши секинлашиши, бошқаларида эса пасайиш кузатилиши мумкин.
Марказий банк вакили бунга мисол сифатида валюта бозоридаги ўзгаришларни келтирди. Унинг айтишича, аввал доллар курси 12 700–12 800 сўмгача кўтарилган даврлар бўлган, кейинги даврда эса курснинг пасайиши кузатилган. Бу нархлар ва кутилмалар доим бир йўналишда ҳаракатланмайди, деган фикрни кўрсатади. Импорт билан боғлиқ айрим ноозиқ-овқат товарларида ҳам нархлар ўсиши умумий инфляциядан пастроқ шаклланмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича эса вазият мураккаброқ. Очилов айрим гуруҳларда нархлар сезиларли ошаётганини инкор этмади. Шу билан бирга, айрим маҳсулотларда нарх пасайиши ҳам кузатилиши мумкинлигини ўсимлик ёғи мисолида тушунтирди.
«Пандемиядан кейинги даврда ўсимлик ёғининг бир литри 30–35 минг сўмгача қимматлашган пайтлар бўлган. Кейинчалик бозорда бир литри 18–19 минг сўм ёки 22 минг сўм атрофидаги маҳсулотлар ҳам таклиф этила бошланди. Бу ҳам айрим товарларда нарх пасайиши мумкинлигини кўрсатади», — деди у.
Унинг таъкидлашича, бундай ўзгаришларда импорт шароитлари ва рақобат муҳим аҳамиятга эга. Бозор очиқ бўлса ва божхона тарифлари тўсиқ даражасига чиқмаса, ички бозорда бирор маҳсулот қимматлашганида уни бошқа ишлаб чиқарувчи ёки ҳамкор мамлакатлардан олиб кириш имконияти пайдо бўлади. Таклифнинг кўпайиши эса нархни мувозанатлаштиришга ёрдам бериши мумкин.
Марказий банк вакили айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, гўшт нархлари бўйича вазият мураккаброқ эканини ҳам қайд этди. Бу йўналишда транспорт харажатларини қисман қоплаш механизмлари ва бошқа енгилликлар кўзда тутилган. Бироқ бундай чораларнинг таъсири намоён бўлиши учун вақт керак. Очилов парранда гўшти нархининг нисбатан барқарор шаклланишида паррандачиликдаги ўзгаришлар ҳам рол ўйнаётганини айтди.
Умумий истеъмол саватидаги нархлар динамикаси ҳақида гапирар экан, Очилов маҳсулотларнинг катта қисмида нархлар ўсиш суръати секинлашганини билдирди. Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, саватдаги позицияларнинг 70–75 фоизида нархлар ўсиш суръати пасайган.
«Бу барча нархлар тушган дегани эмас: уларнинг бир қисмида нарх ошиши давом этаётган бўлса-да, олдингига нисбатан секинроқ ошмоқда. Шу жиҳатдан нархлар даражаси пасайиши билан инфляция суръати секинлашишини фарқлаш муҳим», — дея изоҳ берди у.
Очиловнинг якуний изоҳига кўра, Марказий банкнинг асосий вазифаси ёқилғи ёки бошқа маҳсулотлар нархининг дастлабки ўзгаришини тўхтатиш эмас, балки унинг иқтисодиётдаги бошқа товар ва хизматлар нархларига иккиламчи таъсири кенгайиб кетишининг олдини олиш ҳамда мувозанатли пул-кредит шароитларини сақлашдан иборат. Шу сабабли асосий ставкани келгусида пасайтириш масаласи фақат ёқилғи нархига эмас, балки инфляциянинг бошқа таркибий қисмлари, талаб, рақобат ва нархлар ўсиш суръатларининг барқарор пасайишига ҳам боғлиқ.
Теглар






