Logo

Ўзбекистонда 1991-йилдан буён илк бор 5 млн тонна пахта ҳосили йиғиб олинди

Бугун 15:452 дақиқа

2026-йилги мавсумда фермерлар пахтадан 13-14 трлн сўм соф фойда олиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда 1991-йилдан буён илк бор 5 млн тонна пахта ҳосили йиғиб олинди

Ўзбекистон мустақиллик тарихида биринчи марта 5 млн тоннадан зиёд пахта ҳосилини йиғиб олиб, соҳада рекорд ўрнатди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тарихий ғалаба билан дала меҳнаткашлари, фермерлар ва кластер ходимларини табриклади.

Давлат раҳбари ўз табригида тармоқни оғир аҳволдан олиб чиқиш учун амалга оширилган ислоҳотлар натижасини қайд этди. Маълум қилинишича, чигит экиладиган майдонлар 38 фоизга қисқартирилиб, пахта монополиясига барҳам берилган бўлса-да, ҳосилдорлик 21 центнердан 56 центнерга (2,7 баробар) ошган.

Шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳисобига сув сарфи 1990-йилларга нисбатан 2 карра камайган. Жорий йилда кўчатлар сони 2-3 карра оширилиб, кўсак қурти ва гербицидга чидамли янги биотехнологик навлар экилгани ўз самарасини берган. Қарийб 400 минг гектар ерда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерга, салкам 70 минг гектарда эса 100-110 центнергача етган.

Механизация ва фермерларнинг даромади

Бу йил етиштирилган ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машиналари ёрдамида 30-35 кун ичида териб олинди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялаштириш даражаси 100 фоизга етган. Рақамлаштириш, дронлардан фойдаланиш ва ноанъанавий технологиялар орқали сарф-харажатлар икки баробарга камайтирилган.

Кутилишича, бу йилги мавсум ортидан фермерлар пахтадан 13-14 триллион сўм соф фойда олади. Келгуси йилда эса замонавий технологиялар ва сунъий интеллектни қўллаш орқали ўртача ҳосилдорликни 65-70 центнерга етказиш мақсад қилинган.

Янги навлар синови ва халқаро эътироф

Айни пайтда мамлакатнинг айрим ҳудудларида келгуси йил учун уруғлик пахта терими давом этмоқда. Бундан ташқари, Бухоро вилоятининг Олот тумани ва бошқа чўл ҳудудларида шўрланган ҳамда қумли тупроқларда етиштиришга мўлжалланган янги ғўза навлари синовдан ўтказилмоқда.

Яқинда Тошкентда ўтган Халқаро пахта кунида 30 дан зиёд мамлакат мутахассислари Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқларини эътироф этиб, Бутунжаҳон пахтачилик марказини айнан Ўзбекистонда ташкил этиш таклифини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид