Logo

Ўзбекистонда дронлар учун ягона рақамли тизим жорий этилиши мумкин

Бугун 11:052 дақиқа

Янги тизим учувчисиз аппаратларни рўйхатга олиш, парвозларни мувофиқлаштириш ва хавфсизликни назорат қилишни қамраб олади. Соҳа учун кадрлар ҳам тайёрланади.

Ўзбекистонда дронлар учун ягона рақамли тизим жорий этилиши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқларида учувчисиз авиация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш ва соҳани тартибга солиш бўйича таклифлар билан танишди. Тақдимотда дронларни ҳисобга олиш, уларнинг парвозларини мувофиқлаштириш ва фойдаланиш қоидаларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарига учувчисиз учиш аппаратлари ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган ягона рақамли ахборот тизимини яратиш таклиф қилинди. Ушбу тизим орқали дронларни рўйхатга олиш ва уларнинг ҳаракатини назорат қилиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Шунингдек, дронлар учун махсус парвоз ҳудудларини белгилаш, улардан фойдаланиш тартибини жорий этиш, суғурталаш ва етказилган зарарни қоплаш механизмларини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Янги қоидалар парвозлар хавфсизлиги ва фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлашга ҳам қаратилган.


Дронлар бозори ўсмоқда

Тақдимотда учувчисиз авиациянинг иқтисодиёт учун имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, қишлоқ хўжалигида дронлардан экин майдонларини кузатиш ва уларга ишлов беришда фойдаланиш мумкин.

Саноат корхоналарида улар ишлаб чиқариш жараёнлари ва инфратузилмани назорат қилишга хизмат қилади. Шаҳарларда эса мониторинг ўтказиш ва йўл ҳаракатини ташкил этишда қўлланиши мумкин.

Баҳолашларга кўра, жаҳон дрон бозори йилига 10–15 фоизга ўсмоқда. Тақдимотда қайд этилишича, бу технологияларни жорий этиш иқтисодий ўсишни тезлаштириш, янги технологик йўналишларни ривожлантириш ва малакали мутахассисларга талабни ошириш имконини беради.

Мутахассислар тайёрланади

Учувчисиз авиация соҳасида кадрлар тайёрлаш ҳам режалаштирилмоқда. Хусусан, 2027–2028-ўқув йилидан Тошкент давлат транспорт университетида дронлар бўйича мутахассисларни тайёрлаш бошланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, дрон операторларини ўқитиш бўйича инновацион экотизимни ривожлантириш, таълим жараёнини амалиёт билан боғлаш ва янги авиация технологияларига қизиқишни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

Мирзиёев учувчисиз авиация соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича илғор хорижий тажриба асосида таклифлар ишлаб чиқишни топширди. Улар иқтисодиётда дронлардан фойдаланишни кенгайтириш, хусусий бизнес ва инвестициялар учун шароит яратиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026-йилнинг 15-октябридан келгуси йилнинг 15-мартига қадар Тошкент ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналар фаолияти дронлар ҳамда замонавий кузатув воситалари ёрдамида узлуксиз экологик мониторинг қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда дронлар учун ягона рақамли тизим жорий этилиши мумкин | Vaqt.uz