Logo

Пиёз нархи нега ошди? Вазирлик мавсумийлик ва воситачиларни сабаб қилиб кўрсатди

Бугун 18:405 дақиқа

Ўзбекистонда пиёз етиштириш ички эҳтиёждан 35 фоизга кўп бўлиши кутилмоқда. Аммо айрим ҳудудларда нарх 4,5 минг сўмгача етди. Vaqt.uz вазирлик изоҳи ва Марказий банк маълумотларини таҳлил қилди.

Пиёз нархи нега ошди? Вазирлик мавсумийлик ва воситачиларни сабаб қилиб кўрсатди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда пиёз нархи ошгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, айрим ҳудудларда маҳсулот қимматлашаётгани муҳокамаларга сабаб бўлди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, нарх шаклланишига мавсумийлик, транспорт-логистика харажатлари ва воситачиларнинг савдо устамалари таъсир қилаётганини маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2026-йилда республика бўйича 1,5 миллион тонна пиёз етиштириш ҳисоб-китоб қилинган. Бу аҳолининг тиббий меъёрлар асосидаги истеъмол талабидан 400 минг тонна ёки 35 фоизга кўп.

Шунга қарамай, айрим ҳудудларда маҳсулот нархининг ошиши кузатилмоқда. Бу ҳолатни вазирлик ҳудудлардаги ҳосил йиғим-терими, маҳсулотни ташиш харажатлари ва савдо жараёнлари билан изоҳламоқда.

Сурхондарёда пиёз нархи нега қиммат?

Вазирлик келтирган маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида 387,1 минг тонна пиёз етиштирилган. Унинг 120 минг тоннаси аҳоли истеъмолига йўналтирилган, 46 минг тоннаси экспорт қилинган, қолган қисми эса республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб берилган.

Бироқ вилоятнинг тупроқ-иқлим шароити пиёзни асосан эрта муддатларда, хусусан, апрель–май ойларида етиштиришга мослашган. Ёзги вегетация давридаги юқори ҳарорат таъсири сабабли октябр–ноябр ойларида пишиб етиладиган кечки пиёз катта майдонларда экилмайди.

Шу сабабли 2026-йил ҳосили учун етиштирилган пиёзнинг далалардаги қолдиғи тугаган. Ҳозир Сурхондарё бозорларидаги талабни қондириш учун Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан маҳсулот олиб келинмоқда.

Вазирлик маълумотига кўра, Жиззахда деҳқонлардан пиёзнинг бир килограмми 2 600–3 300 сўмдан, Самарқандда эса 2 800–3 000 сўмдан харид қилинмоқда.

Бироқ маҳсулотни ташиш харажатлари ҳам унинг якуний нархига қўшилмоқда. Хусусан, юк автомобиллари орқали бир килограмм маҳсулотни Жиззах ва Самарқанддан Сурхондарёга етказиш 350–370 сўмни ташкил этади. Масалан, 20 тонна юкни ташиш харажати 7 миллион сўмгача, 10 тонна юкники эса 3,8–4 миллион сўмгача етади.

Транспорт харажатлари қўшилганда тадбиркорлар учун пиёзнинг етказиб бериш таннархи Жиззахдан келтирилганда 2 950–3 650 сўм, Самарқанддан келтирилганда 3 150–3 350 сўмни ташкил этмоқда. Денов туманигача етказиш харажатлари ҳисобга олинганда эса бу кўрсаткич 3 400–3 500 сўмгача бормоқда.

Вазирлик маълумотида бугунги кунда Сурхондарё бозорларида пиёзнинг бир килограмми чакана савдода 4 000–4 500 сўм атрофида шакллангани қайд этилган.

Марказий банк маълумотлари ҳам нархлар ошганини кўрсатмоқда

Марказий банкнинг нархлар таҳлили платформасидаги 2026-йил 28-октябр ҳолатига оид маълумотлар ҳам пиёз нархида ўсиш борлигини кўрсатади.

1



Унга кўра, республика бўйича пиёзнинг ўртача нархи бир килограмм учун 2 789 сўмни ташкил этган. 21 октябрь ҳолатида бу кўрсаткич 2 752 сўм бўлган. Демак, бир ҳафта давомида пиёзнинг ўртача нархи 37 сўмга ёки 1,3 фоизга ошган.

Сурхондарё вилоятида эса 28 октябрь куни пиёзнинг ўртача нархи 3 168 сўмни ташкил қилган. Бир ҳафта аввал бу кўрсаткич 3 104 сўм эди. Шундай қилиб, вилоятда пиёз нархи бир ҳафтада 64 сўмга ёки 2,1 фоизга қимматлашган.

Эътиборли жиҳати, Марказий банк платформасидаги маълумотларга кўра, Сурхондарёда пиёзнинг ўртача нархи республика кўрсаткичидан 379 сўм ёки қарийб 13,6 фоиз юқори бўлган.

2



Бу рақамлар вазирлик келтирган 4 000–4 500 сўмлик чакана нархлардан фарқ қилади. Сабаби, Марказий банк платформасидаги кўрсаткичлар ҳудудлар кесимидаги ўртача нархни ифодалайди, вазирлик эса Сурхондарё бозорларидаги чакана савдо нархлари ҳақида маълумот берган.

Шунингдек, вазирлик маълумотида 2025-йил ноябридан 2026-йил октябригача республика бўйича бир килограмм пиёзнинг ўртача чакана нархи 2 552 сўмни ташкил этгани қайд этилган.

Таннарх ва сотув нархи ўртасидаги фарқ қанча?

Вазирлик таҳлилларига кўра, айрим ҳолатларда пиёзнинг харид ва етказиб бериш таннархи билан бозордаги сотув нархи ўртасида сезиларли фарқ кузатилмоқда.

Масалан, минимал тафовут ҳолатида пиёз деҳқондан 3 300 сўмдан харид қилиниб, 350 сўм транспорт харажати билан етказилганда унинг таннархи 3 650 сўмни ташкил этади. Бозорда 4 000 сўмдан сотилганда ўртадаги фарқ 350 сўм ёки 9,6 фоиз бўлади.

Максимал тафовут ҳолатида эса пиёз деҳқондан 2 600 сўмдан харид қилиниб, транспорт харажати билан 2 950 сўмга етказилади. Маҳсулот бозорда 4 500 сўмдан сотилганда ўртадаги фарқ 1 550 сўм ёки таннархга нисбатан 52,5 фоизни ташкил қилади.

Вазирлик олиб-сотар тадбиркорларнинг савдо маржаси 25 фоиздан 50 фоизгача етаётганини ҳам нарх шаклланишидаги муҳим омиллардан бири сифатида кўрсатган.

Шу билан бирга, 2026 йилда бир гектар майдонда пиёз етиштириш учун ўртача 65,5 миллион сўм харажат сарфланиши ҳисобланган. Бунда ўртача ҳосилдорлик гектарига 35 тоннани ташкил этади. Натижада бир тонна пиёзнинг етиштириш таннархи тахминан 1 миллион 870 минг сўмга тўғри келади.

Ушбу харажатларнинг 40,5 фоизи меҳнат ҳақи, 24 фоизи минерал ўғитлар ва кимёвий ҳимоя воситалари, 14,7 фоизи уруғлик ёки кўчат хариди, 12,5 фоизи механизация ва ёқилғи-мойлаш материалларига тўғри келади.

Қиш-баҳор мавсуми учун 102,8 минг тонна пиёз захира қилинади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилишича, ҳозир республика ҳудудларида 2026–2027 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун жами 102,8 минг тонна пиёзни захирага жамғариш ишлари олиб борилмоқда. Шундан 2 750 тоннаси Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Вазирлик аҳоли ўртасида «пиёз пишди, ҳозир арзон, ғамлаб олиш керак» деган кайфиятнинг мавжудлиги ҳам маҳсулотга талаб ортиши ва нархлар кўтарилишига таъсир қилаётганини билдирган.

Идора захирадаги маҳсулотларни ички бозорга интервенция қилиш ва махсус савдо расталари орқали арзонлаштирилган нархларда сотиш имкониятлари мавжудлигини таъкидлаган. Бу чоралар ички бозорда пиёз нархини барқарор сақлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, вазирлик маҳсулотни қимматроқ сотиш мақсадида бозорга чиқармасдан сақлаб туришга уринаётган айрим тадбиркорларни огоҳлантирган. Қайд этилишича, пиёз узоқ муддат сақланганда вазнини йўқотиши ва сифати бузилиши мумкин.

Демак, республика бўйича пиёз етиштириш ҳажми ички талабдан юқори бўлиши кутилса-да, ҳудудлар ўртасидаги мавсумий фарқ, ташиш харажатлари ва савдо устамалари айрим бозорларда нархнинг юқорироқ шаклланишига сабаб бўлмоқда. Энди асосий масала — захирадаги маҳсулотларни бозорга ўз вақтида чиқариш ва ҳудудлардаги талабни барқарор таъминлашдан иборат.

Теглар

Мавзуга оид