Покистон Кобулни бомбардимон қилди: Афғонистон ва Покистон нима сабабдан урушмоқда?

28.02.2026 | 20:256 daqiqa

Покистон мудофаа вазирининг сўзларига кўра, Покистон ва Афғонистон ўртасида «очиқ уруш» кетяпти.

Покистон Кобулни бомбардимон қилди: Афғонистон ва Покистон нима сабабдан урушмоқда? © [AFP]

Икки давлатнинг умумий чегарасидаги тўқнашувлар кескинлашаётган бир пайтда, Покистон Афғонистон пойтахти Кобул ва бошқа шаҳарларга авиазарбалар берди. 27 феврал куни Покистон мудофаа вазири Хожа Осиф Исломободнинг Афғонистондаги «Толибон» ҳукуматига нисбатан тоқати тоқ бўлганини таъкидлаб, икки давлат энди «очиқ уруш» ҳолатида эканини эълон қилди.

Бу баёнот Толибон матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистон икки давлатни ажратиб турувчи Дюранд чизиғи бўйлаб Покистон ҳарбийларига қарши «кенг кўламли ҳужум операциялари» ўтказаётганини маълум қилганидан бир неча соат ўтиб янгради. Бу ҳолат чегара ҳудудида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган тўқнашувлар ортидан содир бўлди. Ҳар икки томон бунинг оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлганини билдирмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар 2021 йилда «Толибон» ҳокимиятга қайтганидан буён Покистон ва Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати ўртасидаги кескинлик ортиб бораётган бир вазиятда содир бўлмоқда.

Нималар юз берди?

Ҳозирча маълум бўлган тафсилотлар қуйидагича:

27 феврал куни Покистон расмийлари афғон кучларининг чегара яқинидаги ҳарбий позицияларга ҳужум қилганини, бу эса Исломободни Афғонистон ичкарисидаги нишонларга, жумладан, пойтахт Кобул ва бошқа шаҳарларга авиазарбалар беришга мажбур қилганини билдирди.

«Ал-Жазира» нашрининг ёзишича, Покистоннинг биринчи зарбаси маҳаллий вақт билан жума куни тунги соат 01:50 лар атрофида амалга оширилган ва бунга жавобан афғон кучлари ҳаво ҳужумига қарши қуроллардан ўт очган.

«Тоқатимиз тоқ бўлди. Энди сиз билан бизнинг ўртамизда очиқ уруш бормоқда», — деб ёзди Покистон мудофаа вазири Хожа Осиф Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Покистон Афғонистоннинг қайси ҳудудларига зарба берди?

Покистон Ахборот вазири Атауллоҳ Тарар Х тармоғида Кобул, жануби-шарқий Пактия ва жанубий Қандаҳор вилоятларидаги «Афғон Толибони мудофаа объектлари»га зарба берилганини ёзди. Мудофаа вазири Хожа Осиф эса «Толибон» ҳукумати билан «очиқ уруш» кечаётганини эълон қилди.

Афғонистон ҳукумати матбуот котиби Мужоҳид ҳам ўзининг Х саҳифасида ушбу уч вилоятга ҳужум қилинганини тасдиқлади.

«Associated Press» агентлиги ОАВга маълумот бериш ваколати йўқлиги сабабли исми сир қолишини сўраган покистонлик икки нафар юқори мартабали хавфсизлик мулозимига таяниб, ҳужумлар оқибатида Афғонистондаги иккита бригада базаси вайрон қилинганини хабар қилди.

Покистоннинг давлатга қарашли «Pakistan TV» телеканали ўз лавҳасида мамлакат қуролли кучлари бир неча соат ичида «Толибон»нинг қатор позицияларини «йўқ қилганини» даъво қилди.

Телеканал маълумотларига кўра, Афғонистонда зарба берилган манзиллар қаторида «Толибон»нинг Қандаҳордаги бригада қароргоҳи ва ўқ-дори омбори, шунингдек, Вали Хон, Шовал яқинидаги, Бажаур ва Ангур Адда ҳудудларидаги постлари бор.

Покистон Ахборот вазирлиги, шунингдек, мамлакатнинг Хайбер-Пахтунхва вилоятига қарашли Читрол, Хайбер, Моҳманд, Куррам ва Бажаур туманларидаги «Толибон» кучлари ҳам нишонга олинганини билдирди.

Жума куни кечроқ Афғонистон ва Покистон ўртасидаги асосий Торхам чегара пункти яқинида отишма ва артиллерия зарбалари овозлари эшитилгани хабар қилинди.

Октабр ойида қўшнилар ўртасида бошланган тўқнашувлар сабабли қуруқликдаги чегара асосан ёпиқ бўлишига қарамай, Торхам ўтказиш пункти Покистондан оммавий равишда қайтаётган афғонлар учун очиқлигича қолмоқда.

Қурбонлар ва ярадорлар ҳақида нималар маълум?

Томонларнинг бу борадаги маълумотлари бир-бирига зид.

Покистон бош вазири матбуот котиби Мушарраф Зайдий жума куни эрталаб Х тармоғида маълум қилишича, тонгги ҳужум оқибатида 133 нафар «Толибон» аскари ўлдирилган, 200 дан ортиғи яраланган.

У «Толибон»га тегишли 27 та пост вайрон қилингани ва 9 таси эгалланганини қўшимча қилди.

«80 дан ортиқ танк, артиллерия қуроллари ва зирҳли транспорт воситалари йўқ қилинди», — деб ёзди у.

Покистоннинг «Dawn» нашри давом этаётган тўқнашувларда икки нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлганини хабар қилди.

«Толибон» ҳукумати фақат саккиз нафар жангчиси ҳалок бўлганини ва 11 нафари яраланганини билдирди.

Афғонистон томони ўз ҳарбийлари Покистоннинг якшанба кунги зарбаларига жавобан чегара бўйлаб жойлашган Покистон ҳарбий базалари ва постларига ҳужум қилганини маълум қилди. Кобул ўз кучлари 55 нафар покистонлик аскарни ўлдиргани, иккита ҳарбий база ва 19 та ҳарбий постни эгаллаганини даъво қилмоқда. Покистон эса буни рад этди.

Покистон ва Афғонистон нима сабабдан урушмоқда?

Икки давлат ўртасидаги зўравонликларнинг навбатдаги кескинлашуви бир неча ойлик зиддиятларнинг чўққиси бўлди.

2025 йил октабр ойида чегара бўйлаб бир ҳафта давом этган шафқатсиз ва қонли тўқнашувлардан сўнг, Қатар ва Туркия воситачилигида ўтган музокараларда Афғонистон ва Покистон зудлик билан ўт очишни тўхтатишга келишиб олган эди.

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара Дюранд чизиғи деб аталади ва унинг узунлиги 2611 километрни ташкил қилади. Афғонистон мазкур чегарани расман тан олмайди. Кобулнинг таъкидлашича, бу мустамлакачилар томонидан мажбуран ўрнатилган ва этник пуштунлар яшайдиган ҳудудларни икки давлат ўртасида ноқонуний равишда бўлиб юборган чегарадир.

2021 йилда «Толибон» ҳокимиятга келганидан буён қўшнилар ўртасида тез-тез тўқнашувлар содир бўлиб туради. Жанубий ва Марказий Осиё хавфсизлиги ҳамда стратегик масалалари бўйича мутахассис Сами Умарий «Ал-Жазира»га берган интервюсида 2021 йилдан, яъни АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилган йилдан буён афғон ва покистон кучлари ўртасида 75 марта тўқнашув юз берганини маълум қилди.

Хусусан, Покистон «Толибон»дан Афғонистонда бошпана топгани айтилаётган қуролли тузилмаларни, жумладан, «Таҳрики Толибони Покистон» (ТТП) номи билан танилган Покистон «Толибон»ини жиловлашни талаб қилмоқда. ТТП 2007 йилда Покистонда пайдо бўлган ва Афғонистондаги «Толибон»дан алоҳида ташкилот саналса-да, бу гуруҳ билан чуқур ғоявий, ижтимоий ва лингвистик алоқаларга эга.

Сўнгги йилларда Покистонда ТТП ва табиий ресурсларга бой Балужистон вилоятида ҳаракат қилувчи «Балужистон озодлик армияси» (БОА) томонидан уюштирилаётган қуролли ҳужумлар сони кескин ошди. Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва ва Балужистон вилоятлари бу зўравонликлардан энг кўп жабр кўрмоқда.

Покистоннинг собиқ молия вазири Мифтаҳ Исмоил мамлакатнинг «Афғонистоннинг ғурурли ва камбағал фуқароларига қарши ҳеч қандай адовати йўқ»лигини таъкидлади.

«Аммо айнан «Толибон» Покистонни ушбу можарога тортишга мажбур қилди», — деб ёзди у Х тармоғида.

Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, Афғонистон қуролли гуруҳларга қарши чора кўриши даргумон.

«Афтидан, Афғон «Толибон»и ТТПга қарши жиддий курашишни истамаяпти. Бу қисман икки гуруҳ ўртасидаги азалий яқинлик билан боғлиқ бўлса, бошқа томондан ТТП жангариларининг ўзларининг асосий рақиби — “Исломий давлат – Хуросон вилояти” сафига ўтиб кетишидан қўрқиши билан изоҳланади», — деди мустақил ва холис низоларни кузатувчи АҚШдаги «Armed Conflict Location & Event Data» (ACLED) ташкилотининг Жанубий Осиё бўйича таҳлилчиси Перл Пандя «Ал-Жазира» билан суҳбатда.

Пандянинг қўшимча қилишича, агар Афғонистондаги «Толибон» ТТПга қарши кескин чоралар кўрмаса, вазиятнинг жиддий тус олиши «муқаррар».

Дунё давлатлари қандай муносабат билдирди?

«Ҳиндистон муқаддас Рамазон ойида Афғонистон ҳудудига уюштирилган ва тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар қурбон бўлишига олиб келган Покистон авиазарбаларини кескин қоралайди. Бу Покистоннинг ўз ички муаммоларини ташқарига кўчириш йўлидаги навбатдаги уринишидир», — деди Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рандҳир Жайсвал.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳар икки томонни халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилишга чақирди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий Афғонистон ва Покистонни ўзаро зиддиятларни мулоқот ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида ҳал қилишга чақирди.

«Нафсни тийиш ва ислом оламида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ойи бўлган муборак Рамазон ойида Афғонистон ва Покистон ўртасидаги мавжуд келишмовчиликларни яхши қўшничилик доирасида ва мулоқот йўли билан ҳал қилишлари мақсадга мувофиқдир», — деб ёзди Ароқчий Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Россия томонларни ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга ва ўзаро келишмовчиликларни дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирган. У, шунингдек, воситачилик қилишга тайёрлигини маълум қилди..

Ўзбекистон ҳам Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳудудида вазиятнинг кескинлашаётганидан чуқур хавотирда билдирди.

 

Teglar

Mavzuga oid