add

Қоғоздаги ёзма рецептларга мартгача рухсат берилмоқда

Bugun 11:453672 daqiqa

Аввалроқ Ўзбекистонда электрон рецепт тизими босқичма-босқич жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди.

Қоғоздаги ёзма рецептларга мартгача рухсат берилмоқда

Ўзбекистонда дори воситаларининг қоғоз шаклдаги рецептини расмийлаштиришга 2026 йил 1 мартгача рухсат берилади. Бу Соғлиқни сақлаш вазирининг 16 декабрдан кучга кирган «Электрон рецепт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғида назарда тутилган. Қарор аҳоли ва тиббиёт муассасаларини электрон тизимга мослаштиришни мақсад қилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман ва шаҳарларда барча тиббиёт ташкилотларида электрон рецепт тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу жараёнда қоғоз рецептлар вақтинча сақлаб қолинади.

Буйруқда рецепт тушунчасига ҳам аниқ таъриф берилган. Рецепт — шифокорнинг фармацевтик маълумотга эга мутахассисга дори тайёрлаш ёки бериш ва уни қўллаш усули бўйича ёзма кўрсатмаси ҳисобланади. Электрон рецепт эса дори воситаси ҳақидаги барча маълумотлар электрон шаклда расмийлаштирилган ва тасдиқланган кўрсатмадир.

Электрон рецепт тизими жорий этилишининг биринчи босқичида антибиотиклар ҳамда тизимли таъсир этувчи гормонал дори воситалари фақат электрон рецепт асосида тайинланади. Агар беморга электрон ва қоғоз рецепт орқали бериладиган дорилар бир вақтда буюрилса, барчаси электрон шаклда расмийлаштирилиши мумкин.

Кейинги босқичларда электрон рецептга ўтказиладиган дори гуруҳлари Экспертлар кенгаши томонидан белгилаб борилади. Бу маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайтида эълон қилинади.

Мазкур ислоҳотлар дори бозорида шаффофликни оширишга қаратилган. Аввалроқ рецептсиз дори сотганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклифлари ҳам билдирилган. Шунингдек, импорт дори воситаларининг қимматлашуви ва турли номлар билан киритилиши соҳадаги тизимли муаммолардан бири сифатида қайд этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid