Миграция агентлигининг собиқ ходими халқаро қидирувга берилди

Бугун 14:112 дақиқа

Интерпол орқали қидирилаётган собиқ мулозим агентликнинг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси раҳбари бўлган.

Миграция агентлигининг собиқ ходими халқаро қидирувга берилди

Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи Азизбек Тоштемиров Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали қидирувга берилди. Унинг исми «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлди.

Қидирув карточкасида кўрсатилишича, Андижон вилоятида туғилган 35 ёшли Азизбек Тоштемиров фирибгарликда айбланмоқда.

Миграция агентлиги матбуот хизматининг «Газета»га маълум қилишича, Азизбек Тоштемиров  2025-йилнинг март ойида турли қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилган. У Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида (2024-йил октябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги сифатида қайта ташкил этилган ) Кореядаги ваколатхона раҳбари сифатида ишлаган.
 
Кореяга ишга жўнатиш кейси

2023-йил май ойида «Kun.uz» нашри Жанубий Кореяга ишга кетиш учун ўтказиладиган имтиҳонлардаги эҳтимолий қонунбузарликлар юзасидан фуқаролардан тушган шикоятлар ҳақида хабар берган. Нашр маълумотларига кўра, аризачилар имтиҳон вақтида айрим номзодлар ўрнига бошқа шахслар киритилганини, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг баъзи ходимлари эса уларга тестдан ўтишда гўёки ёрдам берганини таъкидлаган. Унда Азиз Тоштемиров исми ҳам тилга олинган.

Ўтган йил августида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига ноқонуний равишда пул олган Миграция агентлигининг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси ва агентлик марказий аппарати бош мутахассисига жиноят иши қўзғатилганди. Шундан кейин Миграция агентлиги фаолиятида Жанубий Кореяга юбориш билан боғлиқ кадрлар, шу жумладан, Сеул шаҳридаги ваколатхонасида фаолият юритган барча ходимлар тўлиқ ўзгартирилганди.

Эслатиб ўтамиз, эрталаб Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ўзбекистонликларни Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупцион схемани фош этгани хабар қилинганди. Уюшган жиноий гуруҳ Ташқи меҳнат миграция агентлиги, хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдорлари ва бошқалардан иборат бўлган. 

Теглар

Мавзуга оид