Logo

Рақобат қўмитаси такси нархлари ошгани бўйича ўрганиш бошлади

Бугун 19:242 дақиқа

Рақобат қўмитаси йирик агрегаторлар (Yandex, Uklon, MyTaxi) фаолиятидаги носозликлар ва инсофсиз рақобат ҳолатлари бўйича текширув бошлади.

Рақобат қўмитаси такси нархлари ошгани бўйича ўрганиш бошлади

Сўнгги кунларда йирик такси агрегаторларидаги техник носозликлар ва нархларнинг кескин кўтарилиши ортидан Рақобат қўмитаси ушбу компаниялар фаолияти юзасидан ўрганиш ишларини бошлади. Бу ҳақда қўмитанинг матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда йирик такси агрегатори фаолиятида кузатилаётган техник носозликлар ортидан рақобатчи агрегаторларда ҳам тиғиз вақтларда такси нархлари бир неча баробаргача ошган. Бу жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган.

Юзага келган вазият сабабли қўмита такси агрегаторларидан бир қатор камчиликларни бартараф этишни сўраган. Жумладан:

• дастурда такси хизматлари нархларини шакллантирувчи алгоритм созламаларини қайта кўриб чиқиш ва нархларнинг кескин ҳамда сунъий тарзда ошишининг олдини олиш;

• ҳайдовчиларнинг маблағларини ўз ҳисобларига ўтказишда вужудга келган носозликларни бартараф этиш;

• асоссиз блокланган ҳайдовчиларни блокдан чиқариш чораларини кўриш;

• ҳайдовчилар томонидан бажарилган буюртмалар учун тўлаб берилиши кўзда тутилган барча бонусларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, тўлаб бериш;

• ҳайдовчилар ва истеъмолчилар учун 24 соат ишлайдиган техник ёрдам кўрсатиш марказларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш;

• «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни амалга оширмаслик.

Таъкидланишича, рақобат муҳитидаги ҳар қандай ҳаракат истеъмолчилар манфаатларига зид бўлмаслиги, хизматлар нархи ва сифати эса адолатли ҳамда шаффоф тамойилларга асосланиши лозим.

Қўмитага кўра, агар агрегаторлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол этилганлиги аниқланса, ўрнатилган тартибда текшириш ўтказилади ва қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

Маълумот учун: 11 октябрь куни Россиядаги Yandex дата-маркази дронлар ҳужумига учрагани ортидан Ўзбекистонда ҳам Yandex Gо хизматида узилишлар кузатилган ва бошқа такси агрегаторларига (Uklon, MyTaxi) талаб 15 баробаргача кескин ошган эди.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий такси хизматлари бозорининг 86,3 фоизини эгаллаган ва устун мавқега эга деб топилган Yandex Go бундан аввал, 2024 йилнинг декабрида ҳам нархларнинг кескин ошиши сабабли Рақобат қўмитаси томонидан огоҳлантирилган.

Теглар

Мавзуга оид