«Davr Bank»нинг номи ўзгарди
Озарбойжоннинг ABB банки «Davr Bank»нинг 51 фоиз улушини сотиб олганидан кейин банкда корпоратив ўзгаришлар амалга оширилди.

«Davr Bank» акциядорлари 9-октябр куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишда банкнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлади. Шунингдек, банк номини «ABB Davr Bank» акциядорлик жамиятига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Янги ном устав давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб расман кучга киради. Банк кундалик фаолиятида «ABB Davr» тижорат белгисидан фойдаланади. Ушбу белгини товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш банк бошқарувига топширилган.

Акциядорлар амалдаги кузатув кенгашининг беш нафар аъзоси ваколатларини муддатидан олдин тугатди. Улар орасида банк асосчиси ва раиси Лутфулла Убаев ҳамда Миркодир Мирзаятов, Атҳам Алимов, Озода Абдураҳмонова ва Шавкат Ғиёсов бор.
Кузатув кенгаши янгиланди
Банкнинг янги кузатув кенгаши уч йил муддатга сайланди. Унинг таркибига Талеҳ Таҳирли, Агшин Амиров, Шафаг Ҳасанова, Саид Абуднабиэв ва Фарҳод Розиев кирди. Сўнгги уч нафар аъзо мустақил аъзо мақомига эга.
Талеҳ Таҳирли ва Агшин Амиров Озарбайжоннинг ABB банки бошқаруви раисининг ўринбосарлари ҳисобланади. Улар аввалроқ «Davr Bank»ни сотиб олиш ва уни ривожлантириш режалари бўйича Марказий банк билан музокараларда қатнашган.
Янги кузатув кенгаши раиси аъзоларнинг биринчи йиғилишида сайланади. Уч нафар мустақил аъзога ойига жами 180 миллион сўм ҳақ тўлаш белгиланган.
Бошқарувга янги раҳбарлар келди
«Davr Bank» бошқаруви раиси ўринбосарлари Равшан Тожиев ва Алишер Қурбонов лавозимларидан озод этилди. Уларнинг ўрнига Айнур Сулайманли ва Гейбат Гадиров тайинланди.
Янги таркибда бошқарув раиси Абдулмажид Самадов бўлиб қолди. Раис ўринбосарлари этиб Айнур Сулайманли, Гейбат Гадиров ва Самаржон Назаров тасдиқланди.
Кузатув кенгаши ва бошқарув аъзоларининг номзодлари Марказий банк билан келишилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Озарбойжоннинг ABB банки 10-сентябрь куни Тошкент фонд биржасида «Davr Bank»нинг 51 миллион дона оддий акциясини 1,646 триллион сўмга, яъни қарийб 140 миллион долларга сотиб олган. Натижада банкнинг 51 фоизлик назорат пакети ABB ихтиёрига ўтган.
Битимдан кейин «S&P Global Ratings» «Davr Bank»нинг узоқ муддатли кредит рейтингини «Б»дан «Б+»га кўтарган ва прогнозни «барқарор» деб белгилаган. Агентлик бу қарорни зарурат туғилганда банк ABB молиявий гуруҳидан ёрдам олиши мумкинлиги билан изоҳлаган.





