Россияда солиқлар ошиши ортидан кичик бизнес «соя»га ўтмоқда
Россияда ҚҚС ставкасининг 20 фоиздан 22 фоизга оширилиши ва назоратнинг кучайиши тадбиркорларни яширин иқтисодиётга киришга мажбур қилмоқда. Аҳоли орасида нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш ҳолатлари кескин кўпайган.

Россия Фанлар академияси Психология институти (ИП РАН) томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, шаҳар аҳолисининг 27 фоизи охирги ярим йил ичида сотувчилар томонидан нақд пул ёки картадан картага ўтказиш сўровлари тез-тез такрорланаётганини таъкидлаган. Аслида, россияликларнинг катта қисми карта орқали тўловни афзал кўради, бироқ солиқ юкининг ошиши бизнесни расмий айланмадан қочишга ундамоқда.
МДУ профессори Наталья Зубаревичнинг қайд этишича, «нақд тўлай олмайсизми?» деган илтимос кичик бизнеснинг солиқ ислоҳотларига билдираётган табиий реакциясидир.
Иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви нафақат кам таъминланган қатламни, балки юқори даромадли гуруҳларни ҳам «соя»га ўтишга мажбур қила бошлади. Кам даромадли аҳолининг 27 фоизи, энг бой қатламнинг эса 24 фоизи нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни афзал кўрмоқда.
Тадбиркорлар ижара ва хомашё нархлари ошган бир шароитда солиқларнинг янада кўтарилиши бизнесни касодга учратишини, шу сабабли яширин ишлаш ягона чора бўлиб қолаётганини таъкидлашмоқда.
Нақд пулга бўлган талабнинг ўсиши
Январ ойида россияликлар ўз ҳисобларидан 1,6 трлн рубл нақд пул ечиб олганлар. Бу кўрсаткич мавсумий омилларни ҳисобга олса ҳам, меъёрдан анча юқори. РАНХиГС эксперти Александр Абрамовнинг фикрича, солиқ тартибга солишнинг қатъийлашуви бозорнинг айрим сегментларида нақд пул билан ҳисоблашишга бўлган талабни сунъий равишда оширмоқда. Бу эса иқтисодиётнинг бир қисми расмий статистикадан чиқиб кетаётганининг билвосита тасдиғидир.
Шунингдек, Марказий банк буюртмаси билан ўтказилган сўровлар ҳам аҳолининг жамғармаларни нақд шаклда сақлашга бўлган интилиши ортганини кўрсатмоқда. Феврал ойида респондентларнинг 33 фоизи пул сақлашнинг энг яхши йўли нақд пул эканини айтган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга ошган. Бундай ҳолат одатда ҳарбий низоларни бошидан кечирган ва келажакка ишончи паст бўлган жамиятларда кузатилади.
Психологик омиллар ва хавотирлар
Нақд пул билан ҳисоблашишга бўлган қизиқиш нафақат солиқлардан қочиш, балки психологик хавотирлар билан ҳам боғлиқ. Инфляция кутилмалари, банкдаги маблағларга чекловлар қўйилишидан қўрқиш ва ҳокимиятга бўлган паст ишонч одамларни «ликвидлик»ка, яъни қўлда турган нақд пулга интилишга мажбур қилмоқда. Ижтимоий тенгсизликнинг ортиши ҳам бу жараённи тезлаштирувчи омил сифатида кўрилмоқда.
Кичик бизнес вакилларининг сўзларига кўра, сотув ҳажми камайиб, харажатлар ортаётган бир пайтда ҚҚСнинг 22 фоизга кўтарилиши уларни «омон қолиш» стратегиясини танлашга ундамоқда. Бу эса яқин келажакда бюджет тушумларининг камайишига ва иқтисодиётнинг шаффофлик даражаси пасайишига олиб келиши мумкин.
Экспертлар баҳор охирига бориб нефт даромадлари рублни бироз қўллаб-қувватлаши мумкинлигини айтса-да, кичик бизнес учун солиқ босими асосий муаммо бўлиб қолмоқда.





