
Россиянинг Қозоғистонга инвестицияси деярли 7 баробарга камайди
Россия бизнеси Қозоғистон орқали параллел импортга инвестицияларни қисқартирмоқда. Айни пайтда Қозоғистонга Хитой инвестициялари тахминан уч баробарга, Қатарники эса қарийб 8 баробарга ошди.

Россия Қозоғистонга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни кескин қисқартирди: 2025 йилнинг 9 ойи давомида соф инвестиция оқими атиги 180 млн долларга тенг бўлди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 1,2 млрд доллар билан солиштирганда анча кам. Бу ҳақда мамлакат Миллий банки статистикасида келтирилган.
Бу ҳолат 2023–2024 йилларда кузатилган Россиядан Қозоғистонга инвестициялар кескин ошиши даври якунланаётганидан далолат бериши мумкин. 2013–2022 йиллар оралиғида Россиядан келган бевосита хорижий сармоянинг соф оқими ўртача 167 млн доллар атрофида бўлган. Бироқ 2023 йилда бу кўрсаткич кескин ўсиб, илк бор 1 млрд доллардан ошди. Кейинги йилда ҳам инвестициялар ўсишда давом этиб, йил якунлари бўйича 1,7 млрд долларга етди. Аммо 2025 йилда рекорд даражани сақлаб қолиш, эҳтимол, имкони бўлмади.
2025 йилнинг тўққиз ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан россияликларнинг Қозоғистон компаниялари капиталидаги иштирок улуши ҳам, уларнинг қайта инвестиция қилинган фойдаси ҳам камайди. Шу билан бирга, бевосита хорижий сармоя таркибидаги ягона ўсиш кўрсатган йўналиш қарз мажбуриятлари бўлди.
«Эксперт РА» агентлигининг суверен ва минтақавий рейтинглар бўйича таҳлилчиси Кирилл Лисенко инвестицияларнинг қисқаришига сабаб сифатида Россия бизнеси учун энди параллел импорт инфратузилмасини «нолдан» шошилинч тарзда яратиш ва бу йўналишга катта маблағ сарфлаш зарурати қолмаганини кўрсатди. Унинг айтишича, 2022 йилдан бери ўзгарган савдо шароитларига логистика занжирлари аллақачон етарлича мослашган. Шунингдек, параллел импорт борасида фаолият бошқа давлатлар орқали кўпроқ амалга оширилмоқда – у ерларда солиқ режими қулайроқ ва санкцияларга риоя қилиш даражаси пастроқ.
Лисенконинг қўшимча қилишича, қайта инвестиция қилинган фойданинг камайишига нефт нархларининг пасайиши ҳам таъсир кўрсатган. Паст котировкалар қазиб чиқариш соҳасидаги корхоналар даромадларини камайтирган, бу корхоналарда Россия ташкилотлари улушларга эга. Шунингдек, Қозоғистонга инвестицияларга Россия Марказий банкининг асосий фоиз ставкаси ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Юқори ставкалар россиялик компанияларга катта ҳажмда кредит олиш имконини бермайди, натижада улар капитал харажатларни (CAPEX) кескин ошира олмайди ва хорижда инвестиция киритишга камроқ мойил бўлади.
2025 йил охирига келиб, Қозоғистондаги Россия корхоналарининг сони яна тахминан 300 тага камайиб, 17,3 мингтага тушди. Бу пасайиш 2022–2023 йиллардаги Россия бизнесининг Қозоғистондаги бум давридан кейин кузатилди. Айниқса, 2022 йилнинг сўнгги уч ойида, сентябр охирида қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин, компаниялар сони сезиларли даражада ошган эди.
Қозоғистоннинг Жанубга бурилиши
Шу билан бир вақтда Хитой ва Қатар Қозоғистонга тўғридан тўғри инвестицияларини сезиларли даражада оширди. 9 ой якунларига кўра, ҳар икки давлат ҳам соф инвестиция оқими бўйича Россияни ишончли тарзда ортда қолдириб, ҳар бири 1,19 млрд доллардан инвестиция киритди. Иккала мамлакат учун ҳам бу кўп каррали ўсиш ҳисобланади: Хитой инвестициялари тахминан уч баробарга, Қатарники эса қарийб 8 баробарга ошди.
Қатардан келган соф инвестиция оқимининг деярли барчаси 2025 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистонга тўғри келган.
«Бу каби кескин ўсиш Қатар инвесторлари томонидан якунланган бир нечта йирик битимлар, шунингдек, банк сектори, логистика, энергетика ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар орқали активларни диверсификация қилишга қаратилган уларнинг узоқ муддатли стратегияси билан изоҳланади», – деб тушунтирган «Kazakh Invest» инвестицияларни жалб қилиш бўйича миллий агентлиги.
Бу «Tele2» бренди остида фаолият юритган маҳаллий операторни «Қазақтелеком»дан 1,1 млрд долларга сотиб олиш бўйича битим ҳақида бўлиши мумкин. Харидор сифатида Қатарнинг «Power International Holding» конгломератига қарашли компания иштирок этган. Биринчи транш 2025 йил январ ойида амалга оширилган бўлиб, унинг ҳажми 700 млн долларни ташкил этган.
2024 йил баҳорида Қозоғистон ва Қатар узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаб, умумий қиймати 17,6 млрд долларга тенг бўлган қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ваъда берган эди.





