The Telegraph Европа Иттифоқининг Украина бўйича тинчлик режаси тўлиқ матнини эълон қилди
Европа ҳозирги фронт чизиғи бўйича ҳудудлар юзасидан музокаралар ўтказишни ва Украинага АҚШдан НАТО Низомининг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолатларини беришни таклиф қилмоқда.

The Telegraph нашрининг маълум қилишича, Европанинг Украинадаги урушни тўхтатишга қаратилган тинчлик режаси 24 бандан иборат. Нашр мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матнини эълон қилди.
Унга кўра, ҳудудий музокаралар жанг қилинётган ҳозирги фронт чизиғи бўйича олиб борилади. Украинага эса, ҳуқуқий кучга эга хавфсизлик кафолатлари, жумладан, НАТОнинг 5-моддасидаги мажбуриятларга ўхшаш тарзда, АҚШдан кафолатлар берилади.
Режанинг бошқа моддалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
Можародан кейин барқарор тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш чораларини жорий этиш.
Россия ва Украина қуруқликда, денгизда ва ҳавода ўт очишни тўхтатишга риоя қилиш мажбуриятини олади.
Томонлар ўт очишни тўхтатишга риоя этилишини учинчи давлатлар назоратида таъминлаш масаласида дарҳол музокара бошлайди.
Ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини асосан масофадан туриб, сунъий йўлдошлар, дронлар ва бошқа воситалар ёрдамида АҚШ бошчилигидаги Украина иттифоқчилари кузатиб боради.
Томонлар ўт очиш режими бузилган ҳолатлар бўйича ҳисобот тақдим этиши ва ушбу бузилишларни бартараф қилиш чораларини муҳокама қилиши учун махсус механизм ишлаб чиқилади.
Барча кўчириб олиб кетилган украиналик болалар Украинага қайтарилади. Бу жараённи халқаро ҳамкорлар назорат қилади.
Москва ва Киев ҳарбий асирларни «барча эвазига барча» тамойили асосида алмашади, Россия эса қамоқда сақланаётган барча фуқароларни озод қилади.
Ўт очиш тўхташи барқарор тарзда таъминлангандан сўнг, тўқнашувдаги тарафлар ҳуманитар ёрдам кўрсата бошлайди. Бу, жумладан, фронт чизиғи орқали оила аъзоларининг учрашувларини ташкил этишни ҳам ўз ичига олади.
Украина суверенитети тан олинади ва ҳеч ким Киевни бетарафликни сақлашга мажбур қилмайди.
Украина Қуролли Кучлари ва мамлакатнинг мудофаа саноатига нисбатан ҳеч қандай чекловлар жорий этилмайди.
Европа давлатлари ва бошқа манфаатдор давлатлардан иборат гуруҳ Киевнинг хавфсизлиги кафолатчиси сифатида иш юритади. Украина ўз ҳудудида иттифоқчи қўшинларни жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши фақатгина алянснинг барча аъзолари розилиги билан амалга оширилади.
Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлади.
Украина ядродан холи давлат мақомини сақлаб қолиш ва Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага риоя қилиш мажбуриятини олади.
Ҳудудий масалалар Россия билан тўлиқ ўт очиш тўхтаганидан сўнг муҳокама қилиниб ҳал этилади.
Россия ва Украина келишилган ҳудудий масалаларни куч билан ўзгартирмаслик мажбуриятини олади.
Украина АҚШ иштирокида Запорижжя АЭС устидан, ҳамда Каховка ГЭСи устидан назоратни тиклайди. Бунинг учун назоратни топшириш механизми яратилади.
Киев Днипро дарёси бўйлаб эркин ҳаракат қилиш ва Кинбурн қўлтиғи устидан назорат қилиш ҳуқуқини олади.
Киев ва унинг ҳамкорлари ҳеч қандай чекловларсиз иқтисодий ҳамкорликни амалга оширади.
Украина тўлиқ тикланади ва моддий компенсация олади. Бунда музлатилган Россия активлари ҳисобидан тўлов амалга оширилиши мумкин. Бу активлар Россия Украинага етказилган зарарни қопламагунча блокда сақланади.
Россияга қарши жорий этилган санкциялар барқарор тинчликга эришилганидан сўнг босқичма-босқич юмшатилиши мумкин. Агар тинчлик келишуви бузилса, санкциялар қайта тикланади.
ЕХҲТга аъзо барча давлатлар иштирокида Европада хавфсизлик бўйича музокаралар бошланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка томонидан таклиф қилинган Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича 28 банддан иборат режа эълон қилинган эди. АҚШ версиясига кўра, Украина Қуролли Кучлари сони 600 минг нафаргача чекланиши керак.
Украина ўз Конституциясида НАТОга аъзо бўлмаслик ҳақидаги моддани мустаҳкамлаши лозим. Шунингдек, НАТО ўз ҳужжатларида Украина ҳеч қачон алянсга қабул қилинмаслиги ҳақидаги нормани расман қайд этиши шарт. Алянс ўз қўшинларини Украина ҳудудига жойлаштирмаслик мажбуриятини ҳам олади.
АҚШ Украина иқтисодиётини тиклаш учун инвестиция пакети яратиш ниятида. Бунинг учун музлатилган 100 млрд доллар миқдоридаги Россия активларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу маблағлардан тушадиган даромаднинг ярми АҚШга йўналтирилади. Россия бунга неча бор «ўғрилик» деб баҳо берган.
Қрим, Донецк ва Луҳанск амалда Россия ҳудуди сифатида тан олинади. Херсон ва Запорижжя эса «баҳсли мақом»га эга бўлади ва бу ҳудудлар бўйича ҳарбий тўқнашув чизиғи бўйлаб алоҳида тартиб жорий этилади. АҚШ президенти Доналд Трамп ушбу ҳудудда ҳарбийлаштирилмаган буфер зонаси ташкил этилишини таклиф қилмоқда. Ушбу ҳудуд ҳам Россия ҳудуди сифатида тан олинади. Шу билан бирга, тарафлар чегараларни куч билан ўзгартирмаслик мажбуриятини олади.
Москва Киевга ҳеч қандай ҳудудий имтиёз берилиши мумкин эмаслигини изчил равишда таъкидлаб келмоқда. Россия президенти Владимир Путин ўт очишни тўхтатиш шартлари сифатида қуйидагиларни санаган: Украина қўшинларини ДХР, ЛХР, Запорижжя ва Херсон областларидан олиб чиқиш, шунингдек, ушбу ҳудудлар ва Қримни Россия таркибида тан олиш. 2025 йил август ойи бошида Россия президенти Москва талаблари ўзгармаганини маълум қилган.





