
Тошкентда ноқонуний реклама қурилмалари бўйича рейд ўтказилмоқда
Шаҳар кўчаларини ягона меъморий қиёфага келтириш мақсадида туманларда реклама ва ахборот конструкциялари қатъий назорат остига олингани маълум қилинди.

Тошкент шаҳрида ноқонуний ўрнатилган ташқи реклама ва ахборот конструкцияларини демонтаж қилиш ишлари изчил давом этмоқда. Туман ҳокимликлари маълумотларига кўра, ушбу тадбирлар шаҳар муҳитини тартибга солиш, жамоат жойларида хавфсизлик ва эстетик талабларни таъминлашга қаратилган.
Қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманида «Буюк ипак йўли» метро бекати атрофида ноқонуний савдо фаолиятига чек қўйилмоқда. Ҳудудда ўрнатилган рухсатсиз реклама қурилмалари, турли ёзув ва эълонлар олиб ташланиб, жамоат макони белгиланган меъёрлар асосида қайта тартибга келтирилмоқда.
Туман ҳокимлиги қайд этишича, тушунтириш ишлари натижасида ноқонуний савдолар камайган, кўчаларда тартиб ва озодалик таъминланмоқда. Олиб борилган ишлар доирасида ташқи реклама конструкциялари, баннерлар ва ахборот ёзувлари босқичма-босқич демонтаж қилинган.
Шу билан бирга, Чилонзор туманида ҳам кўчаларни ягона меъморий ва эстетик дизайнга мослаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Марказий ва ички кўчаларда йўлбўйи инфратузилмаси тартибга солиниб, фасадлар белгиланган меъёрлар асосида таъмирланмоқда.
Маълум қилинишича, пиёдалар йўлаклари ва яшил ҳудудларни ободонлаштириш, ёритиш тизимларини янгилаш ҳамда кичик архитектура шаклларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу тадбирлар аҳоли учун қулай ва замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Кўп қаватли уйлар атрофидаги ҳудудлар ҳам белгиланган дизайн-код талаблари асосида қайта тартибга келтирилиши режалаштирилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ноқонуний рекламаларни бартараф этиш ишлари шаҳар бўйлаб давом эттирилади.
2025 йилнинг ноябр ойида пойтахтда автомобилларга тегишли рухсатномасиз ўрнатилган рекламаларни олиб ташлаш бўйича рейд тадбирлари ўтказилганди. Унда автомобилларга паспортисиз ўрнатилган рекламалар олиб ташланган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокими имзолаган қарорга кўра, бозорларда реклама мақсадида тасвирга олиш нархи 5 млн сўм этиб белгиланган эди.





