
«Бу – халқаро амалиёт»: Ҳокимлик бозорларда тасвирга олиш пулли бўлиши бўйича тушунтириш берди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бозорларда суратга олиш учун йиғилган тўловлар инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилишини таъкидлади.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими имзолаган қарорга кўра, бозорларда реклама мақсадида тасвирга олиш нархи 5 млн сўм этиб белгилангани ҳақида хабар бергандик.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бозорлар ҳудудида видеотасвирга олишнинг янги қоидалари бўйича тушунтириш берди.
Ҳокимлик хабарига кўра, бу тартиб оддий ташриф буюрувчиларга тегишли эмас. Харидларни телефонга суратга олиш, оила билан расмга тушиш, шахсий блог ёки сторислар юритиш – бепул. Сайёҳлар, мактаб ўқувчилари, талабалар, расмий ОАВ журналистларига ҳеч қандай чекловлар қўлланилмайди.
«Қоидалар фақат тижорат мақсадидаги суратга олишга, яъни пул ишлаб, даромад олиш учун мўлжалланган видеотасвирларни олишга тааллуқли», дейилади ҳокимлик хабарида.
Қайд этилишича, ушбу тўлов қуйидагиларга тааллуқли:
мунтазам равишда реклама, интеграция ва «просмотр»лардан пул топадиган йирик блогерлар ва инфлюэнсерлар;
клиплар, реклама роликлари, ҳужжатли лойиҳалар, сериаллар ёки филмлар суратга оладиган тижорат студиялари ва медиа ишлаб чиқариш гуруҳлари;
ўз товарлари ва хизматларини тарғиб қилиш учун бозор ҳудудидан фойдаланадиган компаниялар.
«Бу – кенг тарқалган халқаро амалиёт. Дунёнинг барча йирик шаҳарларида – Истанбулдан тортиб Парижгача – тижорат мақсадидаги суратга олиш учун пул тўланади», дея қайд этилади ҳокимлик тушунтиришида.
Таъкидланишича, тижорат мақсадидаги суратга олиш учун тўловлар расмий, шаффоф тарзда йиғилади ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.
«Бу ерда ҳеч қандай «шахсий манфаатлар» ёки «чўнтак схемалари» йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», дейилган ҳокимлик хабарида.





