Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2025 йилнинг энг ёпиқ давлат органи бўлди
Ўзбекистонда 2025-йилда тузилган давлат органлари ва ташкилотлари очиқлик индексида Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари энг ёмон натижа қайд этди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган 2025 йилги очиқлик индекси натижаларига кўра, Ўзбекистонда давлат органлари шаффофлигида маълум ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, айрим ҳудудий ҳокимликлар паст кўрсаткич қайд этган.
Ҳисоботда қайд этилишича, жами 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти баҳоланган. Баҳолаш 84 та мезонни қамраб олган саккизта асосий индикатор асосида амалга оширилган.
Тоифалар асосида баҳолаш
Якуний натижаларга кўра, 66 та ташкилот «яшил», 22 таси «сариқ» ва 9 таси «қизил» тоифага киритилган. 2022 йилдаги илк баҳолаш билан солиштирилганда, «яшил» тоифадагилар 3,5 баробарга ошгани, «қизил» тоифадагилар эса 3 баробарга камайгани умумий тизимда ижобий динамикани кўрсатади.

Манба: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Юқори кўрсаткичлари
Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари «Навоий кон-металлургия комбинати», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзавтосаноат» ҳамда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» каби йирик саноат корхоналари, шунингдек Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан қайд этилган.
Энг паст натижа қайд этилган ташкилотлар
Шу билан бирга, ҳудудий кесимда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги энг паст натижаларни қайд этиб, «қизил» тоифага киритилган. Республика даражасида эса «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда «Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш агентлиги» паст кўрсаткичлар қаторида қайд этилган.





