Трамп Эрон эшигини очиқ қолдирмоқда, Нетаняҳу эса уни ёпа олмаяпти

14.02.2026 | 16:157 daqiqa

Нетаняҳунинг 30 йиллик «Эрон таҳдиди» стратегияси Вашингтоннинг янги ҳисоб-китобларига дуч келди. Оқ уй Эроннинг ядровий дастурини келишув орқали жиловламоқчи. Исроил ўзининг энг яқин сиёсий иттифоқчисини «Эрон билан ҳар қандай мулоқот фойдасиз» деган фикрга кўндира олмаяпти.

Трамп Эрон эшигини очиқ қолдирмоқда, Нетаняҳу эса уни ёпа олмаяпти

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Вашингтон сафаридан ўзи кутган, қолаверса, сафар олдидан мамлакат ичкарисида катта умид уйғотган натижага эриша олмай қайтди.

Бир ҳафтага шошилинч олдинга сурилган ҳамда Нетаняҳу томонидан ғоят муҳим ва ҳал қилувчи деб таърифланган ушбу ташриф якунида унинг офиси қисқа ва умумий мазмундаги баёнот билан чекланди. На қўшма чиқиш қилинди, на матбуот анжумани ўтказилди ва на президент Доналд Трамп билан Эрон масаласида ҳамфикрлик ҳақида очиқ декларация имзоланди.

11 феврал куни Оқ уйда Трамп билан учрашув чоғида Исроил ҳукумати раҳбарининг кун тартибидаги асосий масала Эрон эди. Исроилга қайтиш чоғида Нетаняҳу ўз қарашларини очиқ баён қилганини айтиб ўтди: «Эрон билан ҳар қандай келишувга эришиш имкониятига нисбатан умумий шубҳамни яшириб ўтирмадим».

Одатда дипломатик ютуқлари ва Америка президентлари билан шахсий муносабатларини кўз-кўз қилишни хуш кўрадиган одам учун бу галги вазминлик кутилмаган ҳолат бўлди. Ахир у 2015 йилда Конгрессдаги нутқи орқали Обама маъмуриятининг Эрон бўйича келишувига қарши чиққан, кейинчалик эса «Иброҳим келишувлари» доирасида Трамп билан яқин ҳамкорликни намойиш этган эди.

Президент Трамп эса ўз навбатида, «ҳали ҳеч нарса узил-кесил ҳал қилинмаганини» таъкидлади.

Оқ уй Эрон билан музокаралар давом этаётганини аниқ билдирди. Ҳозирда АҚШ ва Эрон ўртасидаги мулоқотнинг биринчи синов босқичи бўлиб ўтган ва унда эҳтимолий янги ядровий келишувнинг шартлари ўрганилмоқда.

Айнан мана шу хабар Нетаняҳу олдини олишга умид қилган асосий янгилик эди.

Юз бермаган воқеалар билан изоҳланган учрашув

Нетаняҳу Вашингтонга Исроилнинг Эрон билан музокаралар бўйича «асосий тамойиллари»ни тақдим этишини айтиб келган эди. Аммо на бу тамойилларда ва на у етказган хабарда янгилик бор эди.

Ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида Нетаняҳу Эронни Исроилнинг мавжудлигига таҳдид солувчи хавф сифатида тасвирлаб келади. У халқаро минбарларда, жумладан, 2012 йилда БМТ Бош Ассамблеясида қўлда чизилган бомба суратига қизил чизиқ тортиб, Эроннинг ядровий амбициялари ҳақида шов-шувли огоҳлантириш берганди.

Унинг кўзлаган мақсадлари ўзгармас: ҳар қандай йўл билан Эронни заифлаштириш, имкони бўлса, тузумни ўзгартириш, агар бунинг иложи бўлмаса, Эронни ядровий салоҳият ва узоқ масофали ракеталардан бутунлай маҳрум қилиш.

Ўтган йили Исроилнинг Эронга тўғридан-тўғри ҳужумидан сўнг, ракета салоҳияти Исроил талабларининг янада марказий қисмига айланди.

Вашингтонда Нетаняҳу энг юқори талабларни ўз ичига олган «максималистик» позицияни илгари сурди:

·         Эрон ҳудудида уранни бойитишни бутунлай тўхтатиш. Бу талаб АҚШнинг аввалги музокаралар доирасидан, хусусан, қаттиқ назорат остида чекланган миқдорда уранни бойитиш имконини берган 2015 йилги Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасидан ҳам анча кескинроқдир;

·         Эроннинг баллистик ракета дастурига қатъий чекловлар қўйиш ёки уни бутунлай йўқ қилиш. Ҳолбуки, бу дастур Теҳроннинг тийиб туриш стратегиясининг ўзаги саналади ва Эрон раҳбарияти томонидан узоқ вақтдан бери муҳокама қилинмайдиган мавзу деб ҳисобланади;

·         Эроннинг минтақавий иттифоқчилари ва прокси тармоқларини жиловлаш;

·         Исроилнинг ҳаракат эркинлиги. Ҳар қандай келажакдаги келишув шартларига қарамай, Исроилга Эронга зарба бериш ҳуқуқини кафолатлаш.

Шунингдек, у чекловларнинг вақт ўтиши билан бекор қилинишини назарда тутувчи ҳар қандай «муддатли бандлар»га қарши. Нетаняҳу минтақада Исроилнинг стратегик устунлигини мустаҳкамловчи доимий тақиқлар ўрнатилишини истайди.

Буларнинг ҳеч бири АҚШ-Эрон дипломатиясининг ҳозирги йўналишига мос келмайди. Трамп маъмурияти эҳтимолий келишувнинг аниқ параметрларини ҳали очиқламаган бўлса-да, Вашингтондан келётган дастлабки ишоралар Исроил талаб қилаётганидан кўра чекланганроқ мақсадларни кўзламоқда.

Асосий эътибор уранни бойитишни бутунлай тўхтатиш ёки Эроннинг баллистик ракета дастурини тугатишга эмас, балки ядро қуролига эга бўлишгача бўлган вақтни узайтириш ва қуроллаштиришнинг олдини олишга қаратилмоқда.

Моҳиятан, Оқ уй кескинликни оширишдан аввал, гарчи мукаммал бўлмаса-да, ижроси таъминланадиган келишувга эришиш мумкинлигини синаб кўрмоқчи. Бу ёндашув Эроннинг ядровий соҳадаги илгарилашини, ҳатто қисман бўлса-да, жиловлаш тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатлар хавфидан кўра афзалроқ, деган ҳисоб-китобга асосланган.

Шу билан бирга, президент Трампнинг риторикаси кескинлашди. У музокараларга содиқлигини яна бир бор таъкидлади, бироқ жиддий огоҳлантириш ҳам берди: агар Эрон Вашингтон билан ядровий келишувга эриша олмаса, оқибат, унинг сўзлари билан айтганда, «жуда аянчли» бўлади.

Трамп илк бор ушбу ултиматумга аниқ вақт белгилаб, дипломатия учун имкониятлар ойнаси чекланганлигига — оқибатлар бошланишидан олдин тахминан бир ой вақт қолганига — шама қилди.

Вашингтондан келаётган хабар атайлаб ноаниқ қолдирилган: дипломатия ҳамон афзал йўл, аммо вақт тиғизлиги эса очиқ-ойдин маълум қилинди.

Нетаняҳунинг сафар вақти ғоят муҳим аҳамиятга эга. У ташрифини АҚШ-Эрон музокараларининг биринчи раундидан кўп ўтмай амалга оширди, бу эса шошилинчлик ва хавотирдан дарак берарди.

Исроил расмийлари жараён тезлашиб кетишидан қўрқишган эди: музокаралар Исроил уларнинг шартларига таъсир ўтказишга улгурмасданоқ илгарилаб кетиши мумкин эди. Бу хавотирлар ўринли бўлиб чиқди. Трамп Эронга қарши таҳдидли баёнотлар беришда давом этаётган бўлса-да, унинг амалдаги ҳаракатлари ҳарбий тўқнашувдан кўра дипломатик йўлни синаб кўришга мойиллигини кўрсатмоқда.

Ички босимлар ва сиёсий манфаатлар

Нетаняҳунинг шошилаётганига ички сиёсий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Унинг ҳукмрон коалицияси тобора кучайиб бораётган босимларга дуч келмоқда. Бунга ултраортодокс партияларни ҳарбий хизматдан озод қилиш бўйича низолар, узоқ давом этаётган уруш харажатлари туфайли юзага келган бюджет чекловлари ҳамда 7 октабр ҳужумлари ва ундан кейинги минтақавий кескинлашув ортидан аҳоли орасида тўхтамаётган норозиликлар мисол бўлади.

Эрон билан кескин тўқнашув — ёки ҳеч бўлмаганда Нетаняҳунинг бундай курашга бошчилик қилаётгани ҳақидаги тасаввур — сиёсий вазиятни тубдан ўзгартириши мумкин. Эрон масаласи Исроилда коалиция ва мухолифатни бирлаштириб турган кам сонли мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

Нетаняҳу буни жуда яхши билади. У узоқ вақтдан бери ўзини Теҳронга қарши курашда ўрнини босиб бўлмас ҳимоячи сифатида кўрсатиб келади ва энди исроиллик сайловчиларга Вашингтон у билан ҳамфикр эканини исботлаши зарур. Бу эса ички аудиторияга қаратилган, гарчи амалда далиллар етарли бўлмаса-да, АҚШ билан «мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилинаётгани» ҳақидаги такрорий урғуларни изоҳлайди.

Исроил томонининг баҳолашича, Нетаняҳу Вашингтонга Эроннинг гапларига шубҳа уйғотиш мақсадида разведка маълумотларини олиб борган. Унда Теҳрон музокараларни атайлаб чўзаётгани, қатлларни давом эттираётгани ва ракета масаласида жиддий мулоқотдан бош тортаётгани иддао қилинган.

Аммо бу маълумотлар дипломатияни издан чиқаришга қаратилган бўлса, кўзланган мақсадга эришилмаган кўринади.

Трамп жамоаси — жумладан, Стив Виткофф, Жаред Кушнер, Марко Рубио ва бошқалар — бу далилларни тинглаган, бироқ Оқ уй Исроилнинг «музокаралар фойдасиз» деган хулосасини қабул қилмаган. Аксинча, Вашингтон ҳатто мукаммал бўлмаса-да, келишувга эришиш имкониятини синаб кўриш ниятида экани сезилмоқда. Бу эса Исроилни муқобил сценарийга тайёргарлик кўришга мажбур қилмоқда.

Исроилда ҳукмрон бўлган қарашга кўра, мулоқотлар барбод бўлиши эҳтимоли юқори — ё Эроннинг талаблари АҚШнинг «қизил чизиқлари»га зид келади, ёки Исроилнинг шартлари келишувга эришишни сиёсий ва техник жиҳатдан имконсиз қилиб қўяди.

Айнан шу сабабли Нетаняҳу ҳарбий йўл вариантини кун тартибида сақлаб қолишда қатъий турибди.

Ёпиқ эшиклар ортидаги уч соатлик учрашувда томонлар шунчаки позицияларни муҳокама қилиш билан чекланмай, эҳтимолий сценарийларни ҳам кўриб чиққан бўлиши мумкин: агар музокаралар барбод бўлса нима қилинади, Исроил мустақил равишда қанчалик узоққа бора олади ва АҚШдан қандай даражадаги кўмак ёки хайрихоҳликни кутиши мумкин? Исроилнинг асосий талаби эса ўзгаришсиз қолмоқда: ҳаракат эркинлиги.

Омма олдида якдиллик намойиш этилаётганига қарамасдан, Нетаняҳу ва Трамп Эрон масаласига турлича стратегик нуқтаи назардан ёндашмоқда. Трамп дипломатик каналларни очиқ қолдирган ҳолда, ён беришларга эришиш учун куч ишлатиш эҳтимолидан фойдаланиб, мослашувчанлик ва босим ўтказишни афзал кўради. Нетаняҳу эса барқарорликни — яъни ҳар қандай келажакдаги сиёсий вазиятда Эроннинг ядровий давлат даражасига чиқишига йўл қўймайдиган таркибий чекловларни талаб қилмоқда.

Ҳозирча уларни фақат сиёсий манфаатдорлик боғлаб турибди. Ҳар икки томон ҳам очиқ тўқнашувдан қочишни маъқул кўради, ҳар иккисининг ҳам ўз ички ҳисоб-китоблари бор ва ҳар иккиси кескинлашув хавфини яхши англайди.

Бироқ Нетаняҳу учун Вашингтон ташрифи бир ноқулай ҳақиқатни ойдинлаштирди: Исроил АҚШ сиёсатига таъсир кўрсатиши мумкин, аммо уни назорат қила олмайди. Исроил буни хоҳлайдими ёки йўқми, дипломатия барибир ўз йўлида давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid