
«Трамп назарияси»: демократия қандай емирилиб боради?
Трампнинг кутилмаган қарорлари ва меъёрларни бузиши тасодиф эмас. Иқтисодчи Дарон Ажемоғлу унинг барча ҳаракатлари президентлик ваколатларини максимал даражада кенгайтиришга қаратилганини таъкидлайди.

Доналд Трамп АҚШ президенти бўлганидан кейин мамлакат сиёсатидан кўп йиллар давомида шаклланган қоидаларда кескин ўзгаришлар содир бўлди. Бир йил ичида чиқарилган кутилмаган фармонлар ёмғири, суд тизими билан очиқ тортишувлар, Конгрессни четлаб ўтган қарорлар нафақат АҚШда, балки бутун дунёда сиёсий ва иқтисодий ноаниқликни кучайтирди.
Кўпчилик Трампнинг баёнотлари ва қарорларини шунчаки тартибсизлик ёки аҳмоқгарчилик деб баҳолайди. Аммо айрим таҳлилчиларга кўра, бу жараёнлар тасодифий эмас. Трампнинг ўзига хос «назарияси» бор.

«Трамп назарияси» нимани англатади?
Иқтисодчи ва иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Дарон Ажемоғлу «Bloomberg»да ёзган мақоласида Трамп ва унинг администрацияси ҳаракатлари ортида аниқ мантиқ борлигини таъкидлайди. У буни шарт равишда «Трамп назарияси» деб атайди.
Бу назариянинг марказида битта ғоя туради: президентлик ваколатларини максимал даражада кенгайтириш. Яъни ижро ҳокимиятини судлар, Конгресс ва анъанавий сиёсий меъёрлар ҳисобидан кучайтириш.
Меъёрлар қандай бузилмоқда?
Маъмуриятнинг аксарият ҳаракатлари — шубҳали крипто битимлар, малакаси етарли бўлмаган «ҳамфикрлар»ни юқори лавозимларга тайинлаш, Конституцияга зид депортациялар ва Миллий гвардияни жалб этиш, Лотин Америкасидаги бир давлат раҳбарини ўғирлаш — барчаси муайян мантиққа эга. Уларнинг барчаси ижро ҳокимияти ваколатларини кенгайтиришга, президентликни императорлик тусига келтириш сари ташланган қадамлар ҳисобланади.
Ҳар қандай «сиёсий актёр»нинг, жумладан президентнинг ҳам ҳокимиятини чеклаб турадиган асосий омил — бу ўз мақсадларига эришиш йўлида ресурсларни, жумладан кадрларни сафарбар қила олиш қобилияти. Шунингдек, қонунлар, ҳуқуқбузарлик ва ваколатдан ошишни тўхтатувчи механизмлар ҳамда муайян лавозимга хос умумий меъёрлар тийиб туриш вазифасини бажаради.
Трамп АҚШ президентлиги атрофидаги айнан шу меъёрларни ўзгартиришга уринмоқда. Билл Клинтон, Жорж Буш ёки Барак Обама даврида президентнинг бош прокурорга ёки Адлия вазирлигига сиёсий рақибларини нишoнгa олишни буюриши мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳол деб баҳоланган бўларди. Шунингдек, ҳужжатлар билан етарлича асосланмаган «жиноят фавқулодда вазият»ни баҳона қилиб Миллий гвардияни АҚШ шаҳарларига киритиш ёки президентнинг лавозимида қолганда оила бизнесида фаол иштирок этиши ҳам мутлақо номақбул саналган бўларди. Бу меъёрлар энди бузилди, аммо камида Трамп президентлиги муддати давомида.

Доналд Трамп оиласи
Бир қарашда нотўғри қарордай туюладиган хатти-ҳаракатлар айнан шу меъёрларни бузиш стратегияси нуқтаи назаридан қаралганда бошқача маъно касб этади. Масалан, нега Трамп маъмурияти АҚШ округ суди судяси Жеймс Боасбергнинг гумон қилинаётган венесуэлалик жиноий гуруҳ аъзоларини Салвадорга депортация қилмаслик ҳақидаги буйруғига бўйсунмади? Бу қўпол хато эдими? Ахир айни мақсадга кўзга ташланмайдиган бошқа йўл билан ҳам эришиш мумкин эди. Эҳтимол, йўқ. Агар сиз меъёрларни бузмоқчи бўлсангиз, уларни шубҳа остига олишингиз керак ва бу шундай қилишнинг энг кўзга кўринарли усулларидан бири.
Конгресс ваколатини бузган Трамп
Президент ҳокимиятини чекловчи ҳуқуқий тўсиқларни олиб ташлаш Трамп лойиҳасининг яна бир муҳим қисми эди. Бу ерда Олий суд асосий рол ўйнайди. Бош судя Жон Робертс бошчилигидаги консерватив кўпчилиги ижро ҳокимияти ваколатларини кенгайтиришга мойиллигини бир неча бор намоён этди.
2024 йил 1 июлда Трамп қайта сайланишидан атиги бир неча ой олдин чиқарилган қарорга кўра, АҚШ президентларига лавозимда бўлган пайтида амалга оширган расмий ҳаракатлари учун деярли мутлақ жиноий жавобгарликдан тўлиқ иммунитет тақдим этилди. Бундан ташқари, Олий суд қуйи федерал судларнинг президент фармонларини бутун мамлакат бўйлаб тўхтатиб қўювчи қарорлар чиқариш ваколатини чеклади ва мустақил федерал идоралар раҳбарларини Конгресс розилигисиз ишдан бўшатиш ҳуқуқини президент фойдасига тасдиқлади.

Трамп маъмурияти қонун чиқарувчи ҳокимият ваколатларига ҳам агрессив таъсир кўрсатишни бошлади. Тасдиқланган маблағларни ушлаб туриш билан бир қаторда, Оқ уй миллий хавфсизлик масалалари, жумладан қўшин жойлаштириш, бож тарифлари ва манфаатлар тўқнашувини назорат қилиш бўйича қарорларда Конгресс ваколатларини четга сурмоқда.
Бу тўсиқлар аввалги президентлар учун чеклов бўлиб келган эди. Энди эса улар аста-секин олиб ташланмоқда ва бу фожиали оқибатларга олиб келмоқда — масалан, Трамп оиласининг крипто битимлардан қарийб 1 миллиард доллар даромад кўриши, бу аввалги маъмуриятлар даврида албатта тергов ёки жиноий иш мавзусига айланган бўларди.

Доналд Трампнинг кичик ва унинг укаси Эрик, шунингдек Трамп оиласининг крипто компанияси
Бу кескин ўзгаришлар президентнинг амалдаги ҳокимиятини кучайтиришга қаратилган. АҚШ асосчилари ҳокимиятнинг уч тенг ҳуқуқли бўғинини назарда тутган бўлса-да, «Янги битим»дан сўнг тўртинчи бўғин — мустақил ва ярим мустақил идоралар пайдо бўлди.
Федерал резерв тизими, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги, ФБР, Бюджет ва бошқарув бюроси, Федерал савдо комиссияси каби ўнлаб муҳим тузилмалар ҳукуматнинг кундалик фаолияти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Уларнинг аксарияти президентнинг бевосита назорати остида эмас ва ходимлар кўпинча идора миссиясига содиқ бўлади. Трамп бу тузилмаларга содиқ шахсларни тайинлаш орқали ўзининг реал ҳокимиятини кенгайтирмоқда — улар унинг хоҳишларини бажаришга мойил ва ҳатто қонунга зид ҳаракат қилганда ҳам қарши чиқиш эҳтимоли кам.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, етарли тажриба ва малакага эга бўлмаган раҳбарларни тайинлаш Трамп учун мантиқан тўғри кўринади. Улар қанчалик малакасиз бўлса, шунчалик шахсий садоқат кучли бўлиши ва меъёрларни бузишда ҳамкорлик қилиш эҳтимоли юқори бўлиши мумкин.
Ташқи сиёсатдаги позицияси
Трампнинг ташқи сиёсатини ҳам айнан шу призма орқали кўриш керак. Президентга тарифлар ва савдо чекловларини якка тартибда белгилаш ваколатини бериш — бу ички сиёсий қудратнинг кескин ошишидир. Чунки глобал масалаларда кўпроқ таъсир ўтказиш мамлакат ичида доим эътибор ва обрўни кучайтиради.

Бундан ҳам муҳими, Apple ёки Walmart каби йирик компаниялар таъминот занжирларини битта қарор билан издан чиқариш имконияти уларни президентга қарам ҳолга келтиради. Шу боис Трампнинг тариф сиёсати ва ҳатто Венесуэла президенти Николас Мадуронинг куч билан ағдарилиши ташқи сиёсатдан кўра кўпроқ ички сиёсий мақсадларга хизмат қилади.
Бу ҳокимиятни эгаллаш режаси икки хавфли интилишнинг кесишган нуқтасидир. Биринчиси — Трампнинг ўзи ва унинг энг яқин маслаҳатчиларидан келиб чиққан бўлиб, бу президент ҳокимиятини максимал даражада кучайтириш ҳақида — у ўз олдига қўйган турли мақсадларга эришиш учун; бу хоҳ оиласининг бойлик орттириши бўлсин, хоҳ прогрессив ислоҳотларнинг бекор қилиниши бўлсин, хоҳ мухолифатнинг либерал университетлар ва юридик фирмалар каби таянч нуқталарини йўқ қилиш бўлсин.
Иккинчи интилиш эса ўз илдизини Карл Шмитт ғояларидан олади. У либерал демократия ва парламент тизимини мураккаб дунё учун яроқсиз ёки кучли раҳбарлар ҳокимиятини ниқобловчи парда сифатида кўрган.
Шмитт ҳокимиятнинг нисбатан авторитар тушунчасини илгари сурган, унга кўра суверенлар устунлик қилади ва «истисно ҳолатларда» ёки инқироз пайтларида (ёки ҳатто одатий вақтда ҳам) доим якуний қарор қабул қилувчига эҳтиёж сезилади.
Айнан шу сабабли Трамп режалари ниҳоятда хавфли. Унинг ижро ҳокимиятини кенгайтириши нафақат кейинги уч йил ичида бетартиблик келтириб чиқариши, ўзи ҳамда оиласининг бойиши билан кифояланмасдан, Америка сиёсатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин — ундан кейин келадиган президент ким бўлишидан қатъи назар. «Трамп назарияси»нинг асл хавфи ҳам айнан шунда.
Мақола «Bloomberg»дан таржима қилинди.





