Logo

«Талимаржон» ИЭС'нинг 1,2 млрд сўмлик танлов савдоси бекор қилинди

Бугун 12:151 дақиқа

Рақобат қўмитаси «Талимаржон иссиқлик электр станцияси» буюртмачилигида ўтказилган йирик танлов савдосида қонунбузилишларни аниқлади.

«Талимаржон» ИЭС'нинг 1,2 млрд сўмлик танлов савдоси бекор қилинди © «Talimarjon IES» AJ Matbuot xizmati

«Талимаржон иссиқлик электр станцияси» АЖ томонидан бошланғич нархи 1,2 млрд сўмдан ортиқ бўлган танлов савдоси бекор қилинди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.

Қўмитанинг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасига келиб тушган мурожаат асосида «Талимаржон ИЭС» АЖ буюртмачилигида ўтказилаётган харид жараёнлари ўрганилди. Ушбу танлов савдоси жамият ҳудуди ва биноларига реклама баннерлари ҳамда ёзувлар ўрнатиш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилганди.

Текширув давомида буюртмачи томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланди. Унга кўра, савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган, қонунчиликда белгиланган тартибни бузиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан қонунчилик талабларига амал қилиш юзасидан ўтказган текширувидан сўнг, «Талимаржон ИЭС» АЖ мазкур танлаш савдосини ихтиёрий равишда бекор қилди.

Қўмитанинг қайд этишича, бу каби қонунбузилишларнинг олди олиниши давлат маблағларининг самарали ва шаффоф сарфланишини таъминлайди ҳамда тадбиркорлар учун очиқ ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат харидларида энг арзон маҳсулотни танлаш амалиёти ўзгариши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

«Талимаржон» ИЭС'нинг 1,2 млрд сўмлик танлов савдоси бекор қилинди | Vaqt.uz