add

Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилишида уйлар бузилади

30.10.2025 | 08:007282

Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари чегарасида барпо этилаётган ва «Янги Ўзбекистоннинг олтин остонаси» деб  аталаётган янги халқаро аэропорт қурилишида айрим уйлар бузилиши маълум қилинди.

Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилишида уйлар бузилади

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг энг йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларидан бири — янги Тошкент халқаро аэропорти қурилишига расман старт берилди. Лойиҳа Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларининг туташ ҳудудида амалга оширилмоқда.

«Аэропорт қурилиши билан боғлиқ ташкилий ишлар доирасида Ўрта Чирчиқ туман ҳокими Илҳом Қосимов Халқобод маҳаллалари аҳолиси ва фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида қурилиш учун ажратилган ерлардаги бузиладиган хонадонлар ва иншоотлар учун белгиланган компенсация тартиблари атрофлича тушунтирилди», дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, янги аэропорт қурилиши учун туманнинг Халқобод ва Янгийўл маҳаллалари ҳудудидан ер ажратилди. Бу эса келгусида маҳаллий иқтисод ва инфратузилманинг ривожига катта туртки бериши таъкидланмоқда.

Ҳокимлик ва мутасадди идоралар вакиллари томонидан фуқароларнинг саволларига жавоб берилди. Уларга компенсацияларнинг қонуний тартибда, одилона баҳоланиш асосида тўлаб берилиши кафолатланди.

Ҳокимлик ахборот хизмати хабарига кўра, туман аҳолиси янги аэропортни юрт тараққиётининг муҳим босқичи сифатида қабул қилмоқда. Лойиҳа нафақат транспорт салоҳиятини оширади, балки иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ва инвестиция оқимини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ режалаштирилган қиймати 3,31 млрд долларни ташкил этадиган янги Тошкент халқаро аэропорти 2029 йилда ишга туширилиши ва лойиҳа Саудиянинг Vision Invest компанияси раҳбарлигида амалга оширилиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид