Январда гўшт ва сут маҳсулотлари энг кўп қимматлашди
Марказий банк шарҳига кўра, Тошкентда нархлар бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ ошди. Асосий қимматлашув озиқ-овқат, ёқилғи ва хизматларда кузатилди.

Январ ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,3 бандга пасайиб, 11,2 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2018 йилдан бери энг паст натижа ҳисобланади. Бу ҳақда Марказий банкнинг январ ойи учун аҳоли ва тадбиркорлар кутилмалари бўйича шарҳида маълум қилинган.
Аҳолининг кутилмалари
Йил бошида ҳам аҳолининг асосий хавотирлари коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши бўлиб қолмоқда. Шунингдек, транспорт харажатлари ошиши бўйича кутилмалар ҳам бир бандга ўсган. Бу ҳолат қиш мавсумида анъанага айланган энергетик муаммолар билан боғлиқ. Бошқа омиллар, хусусан озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиши, монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши бўйича хавотирлар эса нисбатан камайган.

Аҳолининг кўпчилик қатламларида инфляцион кутилмалар ўртача даражадан юқори шаклланган. Энг юқори кўрсаткичлар давлат ташкилотлари ва тиббиёт соҳаси ходимлари орасида кузатилган, нисбатан паст кутилмалар эса савдо ҳамда қишлоқ хўжалиги вакиллари томонидан қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори инфляция кутилмалари Тошкент шаҳрида — 12,7 фоиз ҳамда Қорақалпоғистонда — 12,1 фоиз даражасида қайд этилди. Шунингдек, Фарғона вилояти ўтган ойга нисбатан кескин ўсишни қайд этиб, 10,7 фоиздан 12,3 фоизга ошган. Энг паст кўрсаткич эса Навоий вилоятида — 9,5 фоиз, ўтган ойда 11,5 фоиз қайд этилган эди.

Тадбиркорлар нимадан хавотирда?
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,3 фоиз бандга камайиб, 10,8 фоизни ташкил этди. Январ ойидаги сўров натижаларига кўра, тадбиркорларни энг кўп ташвишга солаётган омил — валюта курсининг ўзгариши бўлди. Шу билан бирга, инфляцияга таъсир қилувчи бошқа омиллар бўйича хавотирлар пасайган.

Энг юқори кутилмалар ташиш хизматлари (12,8 фоиз) ҳамда илм-фан ва таълим (12,7 фоиз) соҳаларида қайд этилган. АТ ва ОАВ (11,8 фоиз) ҳамда ҳунармандчилик (11,0 фоиз) соҳаларида ҳам кутилмалар ўртачадан юқори шаклланган. Республика бўйича ўртача кўрсаткич 10,8 фоизни ташкил этган. Нисбатан паст кутилмалар ишлаб чиқариш (10,1 фоиз), савдо (9,8 фоиз) ҳамда қишлоқ хўжалиги (9,8 фоиз) соҳаларида кузатилган.

Ҳудудлар кесимида тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ўртасида фарқ сақланиб қолмоқда. Энг юқори кўрсаткич Сурхондарё вилоятида — 11,6 фоиз. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятида 11,1 фоиз даражасида шаклланган. Нисбатан паст кўрсаткичлар Наманган (10,4 фоиз), Бухоро (10,3 фоиз) ҳамда Тошкент вилоятида (10,1 фоиз) қайд этилган.
Умуман, жанубий ҳудудларда инфляцион босим кутилмалари юқорироқ, айрим марказий ва саноатлашган ҳудудларда эса нисбатан мўътадил шаклланган.

Сезилган инфляция қандай бўлди?
Ҳудудлар кесимида инфляция энг юқори Тошкент шаҳрида сезилган, энг паст кўрсаткич эса Хоразм вилоятида қайд этилган. Ўртача баҳолашларга кўра, нархлар ошиши асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи билан боғлиқ.
Декабр–январ ойларида аҳоли энг кўп қимматлашган маҳсулотлар сифатида гўшт ва сут маҳсулотлари, бензин ва бошқа ёқилғилар, электр энергияси ҳамда табиий газни кўрсатган. Шунингдек, дорилар, мева-сабзавот ва транспорт хизматлари ҳам нарх босими кучайган йўналишлар сифатида тилга олинган.
Даромад даражасига қараганда, ойига 4 млн сўмдан юқори даромадга эга аҳоли инфляцияни юқорироқ баҳолаган. Энг юқори кўрсаткич 30 млн сўмдан ортиқ даромадли респондентларда кузатилган.
Касблар кесимида давлат ташкилотлари ходимлари инфляцияни энг юқори баҳолаган, қишлоқ хўжалигида ишловчилар эса нисбатан паст кўрсаткични қайд этган. Бу фарқ истеъмол харажатлари таркиби билан изоҳланмоқда.
Teglar






