
Евроиттифоқда ҳали евро жорий этмаган олти давлат қолди — инфографика
Айни пайтда Европа Иттифоқнинг 27 аъзо давлатидан 6 таси ўз миллий валютасини сақлаб қолган бўлиб, евро ҳудудига қўшилишга шошилмаяпти. Улар қайсилар?

Европа Иттифоқи таркибидаги аксарият давлатлар евро валютасидан фойдаланаётган бўлса-да, айрим мамлакатлар ҳали ҳам ўз миллий пул бирлигини сақлаб қолмоқда. 2026 йил ҳолатига кўра, иттифоқдаги 27 давлатдан 6 таси евро ҳудудига қўшилмаган.
Евро жорий этилмаган давлатлар қуйидагилар:
Польша (злотий);
Чехия (крона);
Венгрия (форинт);
Руминия (лей);
Швеция (крона);
Дания (крона).

Шу тариқа, евро ҳозирда тахминан 350 миллион аҳоли томонидан қўлланилаётган бўлса-да, иттифоқ аъзоларининг қарийб тўртдан бири мустақил пул-кредит сиёсатига эга бўлиб қолмоқда.
Яқинда Болгария евроҳудуднинг 21-аъзоси сифатида расман қўшилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу қарор 2023 йилда еврони қабул қилган Хорватиядан кейинги навбатдаги интеграция қадами бўлди. Софияда еврони жорий этиш ташқи савдони чуқурлаштириш ва геосиёсий беқарорлик шароитида иқтисодий хавфсизликни кучайтириш зарурати билан изоҳланди.
Шу билан бирга, Болгария жамиятида инфляция хавфи ҳақида хавотирлар ҳам бўлди. Аммо тарихий маълумотлар евро жорий этилган давлатларда нархлар узоқ муддатли кескин ўсишини тасдиқламайди. Мамлакатда жамоатчилик фикри деярли иккига бўлинган ҳолатда қолди.
Болтиқбўйи давлатлари — Эстония, Латвия ва Литва еврони 2011–2015 йилларда тўлиқ қабул қилган. Совет иттифоқидан ажралиб чиққан, аммо ЕИга кирмаган қолган давлатлар эса миллий валюталардан фойдаланишда давом этмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, Полша, Чехия ва Венгрия каби давлатлар еврони кечиктириш орқали иқтисодий манёвр имкониятини сақлаб қолмоқда. Миллий валюта уларга инқироз пайтида курсни мослаштириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ёки фоиз ставкаларини мустақил белгилаш имконини беради. Шу боис ушбу мамлакатлар учун евро масаласи фақат валюта эмас, балки иқтисодий суверенитет масаласи ҳам ҳисобланади.





