
Йил бошидан бери 14 минг тадбиркор ҳуқуқлари тикланди – Бош прокуратура
2025 йилнинг ўтган даврида 14 минг тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 30 минг нафардан ортиғига муаммоларни ҳал этишда кўмаклашилган.

13 декабр куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш ва қулай бизнес муҳитини яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, экспорт ҳажмларини ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кўрилган чоралар натижасида қарийб 14 минг нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шу билан бирга, 30 минг нафардан ортиқ тадбиркорга фаолияти давомида юзага келган муаммоларни бартараф этишда амалий кўмак кўрсатилган.
Шунингдек, ёқилғи-энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш доирасида ўтказилган қарийб 133 мингта рейд тадбирлари давомида 127 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланиб, 645 млрд сўм миқдорида зарар ундирилган.
Бундан ташқари, қурилиш соҳасида прокурор назорати орқали давлат дастурларига киритилган 5 846 та объектнинг ўз муддатида фойдаланишга топширилиши таъминланган. Натижада 3,9 триллион сўм бюджет маблағлари тежалган. Шунингдек, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича кўрилган чоралар натижасида ўзбошимчалик билан эгалланган 2 373 гектар ер майдонлари давлат захирасига қайтарилган.





