Йирик миқдорда зарарда бўлган «Кварц» фойдага қайтди
Уч йил олдин хусусийлаштириб, яна давлатга қайтарилган Ўзбекистондаги энг йирик шиша ишлаб чиқарувчи корхона 2024 йилда 141,6 млрд сўм зарар кўрган эди.

2025 йилда «Кварц» АЖнинг соф фойдаси 1,3 млрд сўмни ташкил этди. 2024 йилда компания 141,6 млрд сўм зарар кўрган эди. Бу ҳақда компаниянинг молиявий ҳисоботларида келтирилган.
Ҳисоботларда қайд этилишича, 2025 йилнинг якунларига кўра, компаниянинг йиллик соф тушуми 593,4 млрд сўм бўлган бўлса, ишлаб чиқариш харажатларига 454 млрд сўм сарфлаган. Ялпи фойда эса 147,9 млрд сўмни ташкил этган.
2024 йил билан солиштирадиган бўлсак, соф тушум 2025 йилда 521,9 млрд сўмдан 593,3 млрд сўмга ўсган, ишлаб чиқариш харажатлари эса 503 млрд сўмдан 454,4 млрд сўмга камайган. Ялпи фойда ҳам 19,1 млрд сўмдан 147,9 млрд сўмга кўпайди.
2025 йил якунига келиб компаниянинг узоқ муддатли кредитлар ҳажми 195,3 млрд сўмдан 87,6 млрд сўмга, қисқа муддатли кредитлар ва қарзлар эса 126,6 млрд сўмдан 95,7 млрд сўмга камайганини кузатиш мумкин.
Компания ҳақида
«Кварц» компанияси Марказий Осиёдаги шиша идишлар, автомобиль саноати учун шишалар, шунингдек, ўтга чидамли ғишт, бутилкалар, варақли сайқалланган, рангли ва тобланган шиша ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона бўлиб, 1975 йилда ишга туширилган.
Корхона маҳаллий қурилиш шишаси бозорида шиша қадоқлари ва листлари ишлаб чиқаришнинг қарийб 50 фоизи ҳамда шиша банкалар ишлаб чиқаришнинг 95 фоизи улушига эга бўлган монополист ҳисобланади.
«Кварц»ни хусусийлаштириш
2023 йилда корхонанинг Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги UzAssets инвестиция компаниясига тегишли 89,78 фоиз акциялар пакети сотилганди. Уни UCG холдинги таркибидаги «Қувасойсемент» АЖ 265 млрд сўмга сотиб олганди. Битим доирасида харидор заводнинг 47,2 миллион евро миқдоридаги кредит мажбуриятларини тўлиқ қоплашни ўз зиммасига олиши керак эди.
Маълумотларга кўра, «Қувасойсемент» АЖ 265 млрд сўм сотиб олиш тўловларини уч йилда бўлиб-бўлиб тўлаши шарт бўлган.
Аммо орадан икки йил ўтиб, 2025 йилда «Кварц» АЖ устав капиталидаги 89,78 фоиз акциялар пакетини сотиб олиш бўйича шартномавий мажбуриятларини бажаришдаги қийинчиликлари туфайли, шартнома томонларнинг ўзаро келишувига кўра бекор қилиниб, компаниянинг назорат пакети яна давлат тасарруфига ўтди.
«265 млрд сўм тўлашга «Қувасойсемент»нинг молиявий имконияти ўша пайтдаёқ маълум эдику. Ҳарқалай, икки йил аввалги «Қувасойсемент» ҳисоботида мавжуд ликвидликка қўшиб, дебиторларини ҳам тўлиқ ундирганидаям битимга етарли пул чиқмасди. Наҳотки, шунчаки оддий молиявий ҳисоботларни ўқий олишмаган? Наҳотки, хусусийлаштириш битимларида тўловга лаёқатлилик асосий мезон эмас? Агар бундай бўлмаса, тўловга лаёқатлилик эмас, ғолибни аниқлашда ваъдалар асосий мезон бўлса, бу Антикоррупсия ўрганиши керак бўлган ғирт коррупсион кейску!», — дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Эътиборли жиҳати шундаки, «Кварц» АЖ хусусийлашган йилларда доим зарарда бўлган. 2021 йилда 54,7 млрд сўм, 2022 йилда 64,3 млрд сўм соф фойда олган компания 2023 йилда 21,7 млрд сўм, 2024 йилда 142 млрд сўм зарар кўрган. 2025 йилда яна давлат назоратига ўтгандан сўнг фойда қилишни бошлаган.
Teglar






