add

100 млн долларлик CИ-лойиҳаларга солиқ имтиёзлари ва арзон электр энергияси берилади

29.10.2025 | 08:182222

Қорақалпоғистонда сунъий интеллект ва дата-марказлар қурилишига 100 млн доллардан ортиқ инвестиция киритган компаниялар 2040 йилгача солиқлардан озод этилади ва электр энергияси нархи 5 цент этиб белгиланди.

100 млн долларлик CИ-лойиҳаларга солиқ имтиёзлари ва арзон электр энергияси берилади

Президент қарори билан Ўзбекистонда сунъий интеллект (СИ) ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари (дата-марказлар) соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳалари учун солиқ ва инвестиция имтиёзлари жорий этилди. Ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистонда қиймати 100 млн доллардан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга ошираётган инвесторлар кенг имтиёзларга эга бўлади.

Бундай компаниялар республикада ишлаб чиқарилмайдиган серверлар, график процессорлар (GPU) ва совитиш тизимларини олиб киришда божхона божлари ва ҚҚСдан озод қилинади. Миллий IT-парк резидентлари, шу жумладан, булутли ва ИИ хизматлари экспортчилари 2040 йилгача фойда, мулк ва ер солиғидан озод этилади. Чет эллик акциядорлар учун дивиденд солиғи нол фоиз этиб белгиланди.

СИ лойиҳалари учун электр энергиясига доимий тариф жорий этилди: 1 kWh учун 0,05 доллар (ҚҚСсиз). Шу билан бирга, операторлар пик соатларда энергия сарфини 20 фоизга қисқартириши ва умумий қувватининг камида 30–35 фоизини таъминлайдиган энергия сақлаш тизимларини (BESS) ўрнатиши шарт.

Давлат лойиҳалар учун ташқи инфратузилмани таъминлайди, аммо инвесторлар ўз маблағларининг камида 25 фоизини киритишлари лозим. Уларга халқаро тўловларни тўғридан тўғри хорижий пудратчиларга амалга ошириш имкони берилади. Қурилиш ишлари «Design–Procure–Build» модели асосида олиб борилади, яъни лойиҳа ишлаб чиқиш, харид ва қурилиш босқичлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Ер участкалари Қорақалпоғистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, янги майдонлар «СИ ривожланишининг йирик марказига айланиб, замонавий график процессорлар билан жиҳозланган стартаплар ва дата-марказларни жамлайди».

СИ инфратузилмаси қурилиши Қорақалпоғистонда қайта тикланувчи энергетика салоҳиятини ошириш режалари билан узвий боғлиқ. Вазирлик маълумотига кўра, 2030 йилгача Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун 1 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб этишни режалаштирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид