100 млн долларлик лойиҳа: Президент Янги Тошкентдаги стадион қурилишини кўздан кечирди

55 минг томошабинга мўлжалланган ушбу мажмуа 2027-йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўйинларига мезбонлик қилиши кутилмоқда.

100 млн долларлик лойиҳа: Президент Янги Тошкентдаги стадион қурилишини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 24-март куни Янги Тошкентда барпо этилаётган йирик спорт иншооти – замонавий футбол стадионининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Ушбу спорт мажмуасига ўтган йилнинг 11-ноябр куни давлат раҳбари томонидан тамал тоши қўйилган эди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, айни пайтда ўйингоҳ қурилиши жадал давом этмоқда. Жумладан, ерни текислаш ишлари тўлиқ якунланган. Пойдевор қуйиш ишлари тўқсон беш фоизга бажарилган. Қурилиш жойига металл-конструкция материаллари босқичма-босқич келтирилмоқда.

Ўтган йилнинг 2-октябр куни ФИФА Кенгаши йиғилишида футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027-йилдаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинган.

Ушбу жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Жаҳон чемпионатларининг финал ва ярим финал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши ФИФА талабларидан бири ҳисобланади.

Таъкидланишича, мамлакат футболи учун муҳим лойиҳа – Янги Тошкент стадиони шу мақсадда қурилмоқда.

«Қиймати 100 миллион долларлик ушбу ўйингоҳ қурилиши учун нега айнан Янги Тошкент ҳудуди танланди? Сабаби Янги Тошкент келажакда мамлакатнинг янги имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади. Янги Тошкент стадиони ФИФАнинг барча талабларига мос равишда барпо этилмоқда. Мажмуа Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади», - дейилади хабарда.

Мазкур иншоот нафақат 2027-йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун, балки бутун ўзбек футболи ва ёшлар спортининг келгуси ривожи учун хизмат қилади. Давлат раҳбарига қурилиш жараёни ҳақда батафсил маълумот берилди.

55 минг томошабинга мўлжалланган Янги Тошкент стадиони 6 қаватли бўлади, унда нафақат спортчилар, балки ташриф буюрувчилар ва матбуот ходимлари учун ҳам кенг қулайликлар яратилади. Томошабинлар стадионга тез фурсатда кириб-чиқишлари учун ўндан ортиқ эскалатор ўрнатилади. Ҳудудда яна қўшимча 3 та машғулот майдони бўлади. Стадион яқинида метро бекати барпо этилади. 5 минг 500 ўринли автотураргоҳ қурилади.

«Президентимиз бундай катта сиғимли ёпиқ стадион мамлакатимизда илк бор бунёд этилаётгани учун ҳар бир жиҳатга аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади. Стадион атрофини ободонлаштириш ишларини ҳозирдан режалаштириб, босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлиги қайд этилди», - дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид