2 йилдан бери ижро этилмаётган суд қарорлари: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги атрофида нималар бўлмоқда?
«Vaqt.uz» ихтиёрига Мажбурий ижро бюроси (MIB) Олмазор туман бўлими томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Тугатув бошқарувчисига юборилган расмий сўровнома нусхаси келиб тушди.


13,6 млрд сўмлик қарздорлик ва 28 нафар ходимнинг тақдири
Ҳужжатга кўра, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ижро варақаларига асосан қарздор — Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан жами 126 та ижро ҳужжати бўйича 13,6 миллиард сўм ундирилиши белгиланган.
Ушбу сумманинг тақсимоти қуйидагича:
13,3 млрд сўм — 59 та ижро ҳужжати бўйича иш ҳақи қарздорлиги;
294 млн сўм — давлат божи.
Бундан ташқари, ташкилот зиммасига 28 нафар фуқарони ишга тиклаш бўйича 39 та ижро ҳужжати юклатилган бўлиб, уларнинг ижроси ҳозирга қадар таъминланмаган. Бу ишдан хабардор мутахассисларнинг айтишича, суд қарорлари билан ундирилиши белгиланган умумий суммалар 20 млрд. сўмдан ошади. Вақт.уз манбасига кўра қарздорлик бугунги кун ҳолатига 30 млрд. сўмга яқинлашди деган хабарлар юрибди. Эътибор беринг, бу ерда битта бюджет ташкилотидан ундирилиши белгиланган суммалар ҳақида гап кетяпти.
MIB сўровномасида таъкидланишича, бюро томонидан қарздор ташкилот бир неча маротаба огоҳлантирилганига қарамай, суд ҳужжатлари талаблари ижро этилмаган.
Шу сабабли MIB «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21, 81 ва 87-моддаларига асосланиб, вазирлик ва тугатув бошқарувчисидан 3 кунлик муддатда қуйидагилар бўйича ёзма маълумот беришни сўраган:
Суд қарорлари ижро этилмаганига сабаб бўлган омиллар;
Юзага келаётган тўсқинликлар;
Уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар.
Низо қандай юзага келган эди?
2024 йил 17 октябрда Президентнинг «Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинган. Президент Шавкат Мирзиёев эски агентлик фаолиятидаги қатор камчиликларни, жумладан, ишлар самарасиз ташкил этилгани ҳамда аслида иш билан таъминланмаган фуқаролар ҳисоботларда «ишли бўлди» деб сохталаштирилганини танқид қилган эди.
Фармонга мувофиқ:
1. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти 3 ой ичида тугатилиши;
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги Миграция агентлиги ташкил этилиши белгиланди.
Фармонда янги агентлик эскисининг ҳуқуқий вориси ҳисобланиши ва ходимларнинг меҳнат шартномалари сақланиб қолиши кўзда тутилган эди. Жараённи тўғри ва тартибли ташкил этиш Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев зиммасига юклатилган.
Ноқонуний бўшатишлар ва 60 га яқин суд қарори
Аммо манбалар ва жабрланувчиларнинг маълум қилишича, Агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевнинг масъулиятсизлиги ҳамда ўша вақтдаги «Тугатиш комиссияси» раҳбари Улуғбек Туроповнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан аслида бўшатилмаслиги керак бўлган 30 га яқин ходим “ташкилот тугатилди» деб ноқонуний равишда ишдан бўшатиб юборилган. Ваҳоланки, бу вазиятда ҳуқуқий ворислик масаласи қайд этилганлиги сабабли, ходимлар ишдан бўшатилмай, аксинча, уларнинг меҳнат фаолияти янги Агентликда давом эттирилиши керак эди.
Норози ходимлар Агентлик ва «Тугатиш комиссияси» устидан судга мурожаат қилишган. Ҳозирга қадар ушбу масала юзасидан 60 га яқин суд қарори чиқарилган ва уларнинг барчасида даъвогар ходимларнинг талаблари қаноатлантирилган.
Суд қарорларига кўра, ноқонуний бўшатилганлар фойдасига 2024 йилдан буён тўланмаган иш ҳақи ва компенсация сифатида 13 миллиард сўмдан ортиқ (ижрога қаратилмаган бошқа суммалар билан бирга 20 миллиард сўмдан ортиқ) маблағ ҳамда фоизлар ундирилиши белгиланган. Бироқ бугунгача бирор бир суд қарори ижро этилмаган.
Ҳуқуқшунослар ва жамоатчилик фаоллари муносабати
Меҳнат ҳуқуқи бўйича юрист Саидали Мухторалиев Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги собиқ ходимлари бўйича чиқарилган суд қарорлари ижросиз қолаётганига эътибор қаратди:
“Миллиардлаб сўмлик қарздорлик MIBда осилиб ётибди. Бу борада бюронинг баёноти мени ҳайрон қолдирмоқда. MIB “ижро тартибига аниқлик киритиш учун суддан расмий тушунтириш кутмоқда, кейинги ҳаракатлар шунга қараб давом эттирилади” – демоқда.

Кўплаб ижро ҳужжатлари бўйича орадан қарийб 2 йил ўтди. 2 йилдан кейин ҳам “суддан расмий тушунтириш кутиляпти” дейиш ғалати эмасми? Суммалар ўз вақтида ундирилмагани сабабли фоизлар ҳисобига ортиб бораётган қўшимча маблағлар учун сизлар ҳам жавобгарсиз”.
Ҳуқуқшунос, шунингдек, ваколатли идораларни ушбу суд ва ижро жараёнларига ташқи аралашувлар бўлган-бўлмаганини текширишга ҳам чақирди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов эса жамоатчиликда Беҳзод Мусаев фаолиятига оид бошқа муҳокамалар ҳам авж олаётганини таъкидлаб, шундай деган:
«Балки вақти келиб бу масалалар ҳал бўлар. Аммо қонун устуворлигини, суд қарорларини намойишкорона менсимаслик аянчли оқибатларга олиб келади. Бунинг энг биринчи оқибати — омманинг қонунга, ҳуқуққа ва давлатга бўлган ишончи пасайишидир».

МИБ: Миграция агентлигига нисбатан ижро ҳаракатлари тўхтатилмаган
МИБнинг агентликдан муносабат талаб қилган хати ижтимоий тармоқларда турли мунозараларга сабаб бўларкан, бюро бугун, 23 июл куни Миграция агентлигига нисбатан ижро ҳаракатлари тўхтатилмаганини маълум қилиб муносабат эълон қилди.
Унда қайд этилишича, собиқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига оид 126 та ижро ҳужжати бўйича 13,6 млрд сўм қарздорлик ва 28 нафар ходимни ишга тиклаш масаласи мавжуд. Бироқ, янги Миграция агентлиги зиммасига мажбурият юклаш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинган.
Ҳозирда МИБ ижро тартибига аниқлик киритиш учун суддан расмий тушунтириш кутмоқда. Кейинги ижро ҳаракатлари суд кўрсатмаси асосида давом эттирилади.
Теглар






