
2025 йил доллар учун сўнгги 7 йилдаги энг ёмони бўлиши мумкин
АҚШ доллари 2025 йилда кескин заифлашди ва йил якуни АҚШ валютаси учун 2017 йилдан бери энг ёмон натижа бўлиши мумкин, деб ёзмоқда Bloomberg нашри.

2025 йил бошидан бери доллар асосий жаҳон валюталарига нисбатан сезиларли қадрсизланди. Bloomberg нашри ҳисоблаб чиқадиган Bloomberg Dollar Spot индекси йил бошидан буён қарийб 8 фоизга пасайган. 23 декабр куни индекс октябр бошидан бери энг паст даражага тушди.
Агентликка кўра, бу ҳолат 2025 йилни доллар учун 2017 йилдан бери энг омадсиз йилга айлантириши мумкин. Айрим кунлардаги қисқа тикланишларга қарамай, умумий тренд ҳануз пастлаш томон қолмоқда.
23 декабр куни АҚШ иқтисодиёти учинчи чоракда 4,3 фоиз ўсгани ҳақидаги маълумотлар доллар босимини қисман юмшатди. Бироқ бу омил бозордаги умумий кайфиятни ўзгартирмади ва заифлик сақланиб қолди.
Bloomberg нашрининг таъкидлашича, опционлар бозоридаги сигналлар ҳам долларга босим давом этишини кўрсатяпти. Трейдерлар евро ва Австралия доллари орқали долларга қарши позицияларни фаол олаяпти. Бу эса инвесторлар ишончи пасайганини англатади.
Долларга салбий таъсир қилаётган асосий омиллардан бири — АҚШ Федерал резерв тизими фоиз ставкаларини яна пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалардир. Шунингдек, декабр ойи анъанавий равишда доллар заифлашадиган давр ҳисобланади.
Таҳлилчилар 2026 йилда ҳам доллар учун босим сақланиб қолишини истисно қилмаяпти. Уларга кўра, фақат АҚШ иқтисодиётида кескин тезлашув ёки пул-кредит сиёсати қатъийлашиши долларга кучли ёрдам бериши мумкин.





