2026 йилда бирорта давлат банки хусусийлаштирилмайдиган бўлди
2026 йилда «O‘zsanoatqurilishbank»ни хусусийлаштиришнинг якуний босқичи амалга оширилиши режалаштирилган эди. Аммо янгиланган стратегияга кўра жорий йилда бирорта банк сотилмайди.

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган версиясида 2026 йилда битта банк хусусийлаштирилиши режалаштирилган эди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг молиявий стратегиясига кўра, 2025–2026 йилларда хусусийлаштириладиган банк «O‘zsanoatqurilishbank» бўлиши керак эди.
Аммо 16 феврал куни Президент томонидан тасдиқланган янгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясида жорий йилда бирорта давлат банки сотилмаслиги маълум бўлди.
Ҳозирги кунда тўққизта банк давлат тасарруфида қолмоқда. Улар қаторига «Milliy bank», «Agrobank», «O‘zsanoatqurilishbank», «Asakabank», «Xalq banki», «BRB», «Mikrokreditbank», «Aloqabank» ва «Turonbank» киради.
Тасдиқланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясига кўра, 2030 йилга қадар бешта давлат банки хусусийлаштирилади ва натижада давлат ихтиёрида тўртта банк қолади. Йиллар кесимида давлат банклари сони босқичма-босқич қисқаради: 2027 йилда 7 та, 2028 йилда 6 та, 2029 йилда 5 та ва 2030 йилда 4 та.
Шунингдек, стратегияга мувофиқ, давлат банкларининг банк тизими активларидаги улуши ҳам камайтирилади. 2026 йилда бу кўрсаткич 65 фоизни ташкил этган бўлса, 2030 йилга келиб у 55 фоизгача туширилиши режалаштирилган. 2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига жами активларнинг 64,53 фоизи, яъни 576,2 трлн сўм тўғри келган.
Давлат банкларининг хусусийлаштириш жараёни нега кечикмоқда?
2024 йил 27 декабрда Президент бир нечта давлат банкларини хусусийлаштиришнинг сўнгги муддатларини узайтиришни назарда тутувчи фармонни имзолаганди. Унда «Asakabank», «O‘zsanoatqurilishbank» (SQB) ва «Aloqabank»даги давлат улушларини сотиш муддатлари 2025 йилга кўчирилган.
Ўзбекистондаги иккинчи йирик банк ҳисобланган «O‘zsanoatqurilishbank»даги барча давлат улушини 2022 йил охиригача, кейинчалик эса 2023 йил охиригача савдога чиқариш режалаштирилганди. Шундан сўнг 2024 йил охиригача хусусийлаштириш орқали банкдаги давлат улушини 50 фоиздан камайтиришга қарор қилинди, аммо бу амалга ошмади.
2025 йил июл ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилинган 2026–2028 йил учун фискал стратегияда 4 та банкни хусусийлаштириш кечиктирилиши маълум қилинганди. Бунда «O‘zsanoatqurilishbank»ни хусусийлаштириш 2025–2026 йилларда амалга оширилиши кутилса, «Asakabank», «Aloqabank» ва «Turonbank» эса 2026–2027 йилгача кечикиши белгиланган.
«Asakabank»нинг хусусийлаштириш муддати эса 2023 йил охиридан 2025 йил охиригача сурилган. 2024 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан «Asakabank»ни хусусийлаштириш бўйича келишув имзоланган. Шундан сўнг, Европа тикланиш ва тараққиёт банки хусусийлаштиришга тайёргарлик доирасида «Asakabank»нинг 15 фоиз акциясини сотиб олган ва 2026 йилда давлат банки акциядорлари таркибига кириши режалаштирилган.
Шу билан бирга, фискал стратегияда 2026-2028 йилларда ҳукумат айрим давлат банкларини хусусийлаштирмасликка қарор қилгани келтирилган эди. Жумладан, «Milliy bank», «Agrobank», «Xalq banki», «Mikrokreditbank» ва «Biznesni rivojlantirish banki» давлат улуши сақланган ҳолда фаолият юритишда давом этиши белгиланди.
2030 йилгача ушбу банклардан яна бири давлат ихтиёридан чиқарилади. Ҳозирда айнан қайси банклиги маълум қилинмаган.
Теглар






