
2026 йилда Марказий Осиё давлатлари сувни қандай тақсимлаб олади?
Марказий Осиё давлатлари келаси йилда сув ресурсларидан фойдаланиш тартибини келишиб, минтақадаги сув танқислиги шароитида адолатли тақсимотни таъминлашга келишиб олди.

Ашхободда ўтган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг 91-йиғилишида Марказий Осиё давлатларининг сув хўжалиги вазирлари билан биргаликда Амударё ва Сирдарё бўйича 2025–2026 йилги вегетациялар орасидаги давр учун сув олиш лимитлари белгиланди.
Амударёда 2025 йил октябрдан 2026 йил октябргача умумий лимит 55,4 млрд куб метр этиб белгиланиб, шундан 15,9 млрд куб метри совуқ мавсумга тўғри келади.
Белгиланган тартибга кўра, Тожикистонга 9,8 млрд куб метр, Туркманистон ва Ўзбекистонга эса 22 млрд куб метрдан сув ажратилади. Шунингдек, 44 млрд куб метр сув Туркманистондаги Керки гидропости орқали деҳқончилик учун зарур бўлган қуйи оқимни таъминлашга йўналтирилади.
Орол денгизи ва Амударё дельтаси учун алоҳида 4,2 млрд куб метр сув ажратилган бўлиб, унинг ярми қиш ва эрта баҳорда етказиб берилади. Дошҳовуз, Хоразм ва Қорақалпоғистон ирригация тизимлари учун санитария-экология мақсадларида яна 800 млн куб метр сув ажратилиши кўзда тутилган. Бу қарор Оролбўйи аҳолиси ва экотизимини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Сирдарё бўйича вегетация даврида умумий лимит 4,219 млрд куб метрни ташкил этади. Қозоғистон “Дўстлик” канали орқали 460 млн куб метр, Қирғизистон 47 млн, Тожикистон 365 млн куб метр сув олади. Асосий улуш Ўзбекистонга тегишли бўлиб, мамлакат 3,347 млрд куб метр сув олиши белгилаб қўйилди. Бу кўрсаткичлар сув омборларидаги захиралар, кутилган оқим ва дарёда экологик минимални сақлаш заруратидан келиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу йиғилишда Ўзбекистон қишда Қирғизистонга электр етказиб беришни бошлаши ҳақида хабар берилган эди. Тўхтағул сув омборида сув тўплаш учун Қирғизистон қишда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиради. Ўзбекистон ва Қозоғистон эса куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беради.





