
2026 йилдан ижара тўлови минимал ставкалари оширилиши мумкин
2026 йил учун мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасига кўра, кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини ошириш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларининг ижарасидан олинадиган даромадларни ҳисоблашда қўлланадиган минимал ставкаларни 7 фоизга индексация қилиш режалаштирилмоқда.
Турар жойни ижарага бериш бўйича энг кам ставка қуйидагича белгиланиши кутилмоқда (1 квадрат метр учун ойига):
Тошкент шаҳрида — 30 минг сўм (амалда 28 минг сўм);
Нукус ва вилоят марказларида — 14,5 минг сўм (амалда 13,5 минг сўм);
Бошқа аҳоли пунктларида — 5,9 минг сўм (амалда 5,5 минг сўм).
Нотурар жойни ижарага бериш бўйича энг кам ставка қуйидагича белгиланиши кутилмоқда (1 квадрат метр учун ойига):
Тошкент шаҳрида — 48 минг сўм (амалда 45 минг сўм);
Нукус ва вилоят марказларида — 28,4 минг сўм (амалда 26,5 минг сўм);
Бошқа аҳоли пунктларида — 11,8 минг сўм (амалда 11 минг сўм).
Транспорт воситалари бўйича ҳам ўзгаришлар киритилиши кўзда тутилган. Енгил автомобиллар ижараси учун минимал ойлик тўлов 918 минг сўм этиб белгиланиши таклиф қилинмоқда (амалда 858 минг сўм). Микроавтобус, автобус ва юк автомобиллари учун энг кам тўлов 1 млн 824 минг сўм бўлиши кутилмоқда (амалда 1 млн 705 минг сўм).
Лойиҳага кўра, ушбу ставкалар қонунчиликда мол-мулкни ижарага берувчилар даромадларига солиқ солиш мақсадида қўлланади. Улар кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномаларига ҳам татбиқ этилади, аммо яқин қариндошлар ўртасидаги шартномалар бундан мустасно этилади. 2025 йилда эса минимал ижара ставкалари 10–12 фоизга индексация қилинган эди.





