Logo

500 га яқин ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди

Бугун 15:252 дақиқа

Ўзбекистондаги барча метан, пропан ва бензин заправкалари ҳамда газ баллонларини тўлдириш пунктлари хатловдан ўтказилиб, 46 мингдан ортиқ камчиликлар аниқланди.

500 га яқин ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди © YANDEX MAPS

Ўзбекистонда ёнилғи қуйиш ва газ тўлдириш инфратузилмасида ўтказилган кенг кўламли текширувлар натижасида 464 та шохобча фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 22-июндан кучга кирган қарорида белгиланган.

Маълумотларга кўра, республика бўйлаб жами 6 196 та суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш шохобчалари, нефть маҳсулотлари қуйиш станциялари ҳамда аҳоли газ баллонларини тўлдириш объектлари хатловдан ўтказилган.

Текширувлардан мақсад авариялар ва ёнғинларнинг олдини олиш, шунингдек хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлашдан иборат бўлган.

Хатлов натижаларига кўра, жами 46 737 та қоидабузарлик ва камчилик аниқланган. Уларнинг 25 341 таси саноат ва техника хавфсизлиги, 7 949 таси ёнғин хавфсизлиги, 7 875 таси технологик жараёнларга риоя қилиш, 3 354 таси техник тартибга солиш ҳамда 2 218 таси қурилиш соҳасига оид камчиликлар ҳиссасига тўғри келган.

Текширувлар давомида 7 166 та камчилик жойида бартараф этилган. Бироқ хавфсизлик талабларига жавоб бермаган 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Қарорга мувофиқ, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб хизмат муддати тугаган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқ бўлмаган, ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналардан барча турдаги ёнилғи қуйиш ва газ тўлдириш иншоотларида фойдаланиш 2030-йил 1-январга қадар чекланади.

Шунингдек, 2026 йил сентябрига қадар инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган, шаҳарсозлик, саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган шохобчаларнинг махсус реестри шакллантирилади.

Кейинчалик бундай объектларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 8-июн куни соат 13:50 да Қашқадарё вилояти, Қарши тумани, «Чаман» МФЙ ҳудудида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.

Теглар

Мавзуга оид

500 га яқин ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди | Vaqt.uz