Афғонистонга Ҳайит совғаси, Ўзбекистондан бош олиб кетаётганлар ва терминаллардан тушган 48 триллионлик тушум— 25-май дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон Қурбон ҳайити арафасида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди
Ўзбекистон Қурбон ҳайити арафасида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди. 25 май куни 200 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари Балх вилоятига етказилди. Юк таркибига ун, гуруч, шакар, макарон, қандолат, ўсимлик ёғи ва тез тайёрланадиган озиқ-овқатлар кирган. Ёрдам Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан амалга оширилди ва «Astras» компанияси ҳудудидаги маросимда икки мамлакат расмийлари иштирок этди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ташаббусларини мунтазам давом эттириб келмоқда. Бу ҳамкорлик қўшни давлат аҳолиси учун озиқ-овқат, тиббий ва бошқа зарур ёрдамларни қамраб олади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат Эронга ҳам фармацевтика ва тиббий буюмлардан иборат иккинчи гуманитар карвон юборган эди.
Ўзбекистонда банк карталари сони илк марта 70 млн донадан ошди
Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони апрел ойида илк бор 70 миллиондан ошиб, 72,7 миллионтага етди. Ой давомида карталар сони қарийб 3 миллионтага ёки 4,3 фоизга кўпайган. Ўсишга асосан Tenge bank, TBC bank, Халқ банки, Hamkorbank ва Uzum Bank ҳисса қўшган, айрим банкларда эса карталар сони қисқарган.
Апрелда тўлов терминаллари сони қарийб 444 мингтага, банкоматлар эса 45,5 мингтага етди. Шу билан бирга, терминаллар орқали тушумлар кескин ошиб, 48,4 трлн сўмни ташкил қилди. Мутахассислар бу ўсишни 1 апрелдан нақдсиз тўловлар тизими жорий этилгани билан ҳам боғламоқда.
Апрел ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги 6,5 фоизга ўсди
Ўзбекистонда 2026 йил апрел ойида ишбилармонлик фаоллиги индекси 1065 бирликка етди. Бу кўрсаткич март ойига нисбатан 6,5 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 22 фоизга ошган. Мутахассисларга кўра, ўсишга банк операциялари, биржа савдолари ва товар белгилари рўйхатдан ўтказилиши асосий туртки берган.
Апрел ойида банк ҳисоб рақамлари операциялари 8,3 фоизга, товар-хом ашё биржасидаги харидлар 5,4 фоизга ошган. Фаол хўжалик субъектлари сони 514,7 мингтага етган, товар белгилари рўйхатдан ўтказилиши эса 33,9 фоизга кўпайган. Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Қорақалпоғистон, Наманган, Жиззах ва Сирдарёда қайд этилган.
Хорижга кўчиб кетаётган ўзбекистонликлар сони камаймоқда
2026 йилнинг январ–март ойларида Ўзбекистондан доимий яшаш мақсадида хорижга кўчиб кетганлар сони 2 277 нафарни ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоизга кам бўлиб, кўчиб кетиш кўрсаткичи пасайганини кўрсатади.
Кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон (80,6 фоиз) ва Россияни (16,4 фоиз) танлаган. Ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткич Қорақалпоғистонда, кейинги ўринларда Тошкент вилояти ва Навоий вилояти қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Сурхондарё, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида кузатилган.





