
Аҳолининг валюта таклифи талабдан 7,8 млрд долларга ошди
2025 йилда аҳоли ва бизнеснинг валюта операциялари фаоллашиб, таклиф ҳажми талабдан сезиларли ошиши ички бозорда барқарорликни сақлаётганини кўрсатмоқда.

2025 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонда хорижий валютага бўлган талаб 48,4 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоиз кўп бўлиб, ички бозорда импорт, инвестиция ва ташқи ҳисоб-китоблар фаоллашганини англатади.
Хорижий валюта таклифи эса 41,2 млрд долларни ташкил этиб, бир йил давомида 26 фоиз ўсгани қайд этилди.
Жисмоний шахслар тижорат банкларига 17,4 млрд доллар миқдорида валюта сотди. Бу ўтган йилга нисбатан 4,2 млрд долларга кўп. Шу билан бирга, аҳоли томонидан харид қилинган валюта 9,6 млрд долларни ташкил қилди.
Натижада жисмоний шахслар валюта таклифи талабдан 7,8 млрд долларга юқори бўлди. Бу кўрсаткич бир йил ичида қарийб 1,4 бараварга ошган.
Юридик шахсларда ҳам валюта айланмаси сезиларли ўсди. Бизнес тузилмаларининг валютага бўлган талаби йил давомида 24 фоизга кўпайди, таклиф эса 38 фоизга ошди.
Экспорт тушумлари ҳисобидан ички бозорга 14,5 млрд доллар кириб келди ва унинг 8,1 млрд доллари сотилди. Бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўпдир. Шунингдек, банклар хорижий кредитлар ҳисобига бозорга 7,3 млрд доллар чиқарди.
Импортни молиялаштириш манбаларида ички бозорда харид қилинган валюта улуши 64,8 фоизни ташкил этди. Юридик шахслар томонидан харид қилинган валюта асосан ишлаб чиқариш учун керакли асбоб-ускуналар, хомашё ва товарлар импортига йўналтирилган.
Қолган қисми кредитларни сўндириш, истеъмол товарлари ва дори-дармон импорти, шунингдек инвестор даромадларини репатриация қилишга сарфланди.
Аҳоли ва бизнес томонидан таклифнинг талабдан юқори бўлиши ички валюта бозорида ликвидлик ва мувозанатнинг сақланаётганини кўрсатмоқда. Мутахассислар бундай динамика ташқи ҳисоб-китоблар фаоллиги ва экспорт тушумларининг ўсиши билан изоҳланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 15,8 млрд долларга етганлиги ҳақида хабар берган эдик.





