add

AJR Qora-sedana ноқонуний рекламаси учун жарима қўлланилди

Бугун 13:357732 дақиқа

Биологик фаол қўшимча даволаш ҳусусиятига эга деб машҳур инсонлар томонидан реклама қилингани қонунбузарликка сабаб бўлди.

AJR Qora-sedana ноқонуний рекламаси учун жарима қўлланилди

Ижтимоий тармоқларда «AJR QORA-SEDANA» биологик фаол қўшимчаси рекламаларида маҳсулот турли касалликларга қарши самарали экани ҳақида асосланмаган даъволар тарқатилгани аниқланди. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг реклама қонунчилиги талабларига зид деб топилди.

Хусусан, реклама видеолари ва постларида ушбу қўшимча ошқозон касалликларини даволаши, қандли диабет, инсулт ва инфаркт хавфини камайтириши, шунингдек, нафас йўллари касалликлари, йўтал ва шамоллашга қарши таъсирга эга экани тарғиб қилинган. Мазкур даъволар маҳсулотнинг расмий қўллаш йўриқномасида кўрсатилган хусусиятлар билан мос келмайди.

Рекламаларда бир қатор таниқли шахслар иштирок этгани орқали аҳолини маҳсулотнинг гўёки даволаш хусусиятига ишонтиришга уринишлар кузатилган. Мутахассислар бу каби усуллар истеъмолчиларни чалғитишга ва саломатлик билан боғлиқ нотўғри қарорлар қабул қилинишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Рақобат қўмитаси сўровига асосан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан берилган хулосада «AJR QORA-SEDANA» биологик фаол қўшимча ҳисобланиши, у дори воситаси эмаслиги қайд этилди. Шунингдек, рекламада келтирилган маълумотлар маҳсулотнинг тасдиқланган қўлланиш соҳасига тўғри келмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 35-моддасига мувофиқ, БФҚ рекламалари:

Дoри воситаси ёки даволаш хусусиятига эга маҳсулот сифатида талқин қилинмаслиги;

Улардан фойдаланган шахсларнинг даволанганлиги ёки аҳволи яхшиланганлиги ҳақидаги мисолларни ўз ичига олмаслиги;

Фойдаланувчиларнинг миннатдорлик билдирувларини акс эттирмаслиги;

Соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;

Тадқиқотлар ва давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги маълумотлардан дoри воситасига нисбатан афзаллик сифатида фойдаланмаслиги;

Болалар тасвиридан фойдаланмаслиги шарт.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Қўмита Махсус комиссияси томонидан «SANNO TM OCEAN» МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди. Шу билан бирга, қонунбузилишни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатма берилди.

Теглар

Мавзуга оид