add

Аксилкоррупция агентлиги Озодбек Назарбековни жавобгарликка тортиш бўйича сўровнома юборди

Бугун 08:382 дақиқа

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маданият вазири О.Назарбековнинг тўйда қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни олаётганлиги ҳолати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётганлиги юзасидан маълумотнома берди.

Аксилкоррупция агентлиги Озодбек Назарбековни жавобгарликка тортиш бўйича сўровнома юборди

Ижтимоий тармоқларда Маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни олганлиги ҳамда маданият вазирлиги ушбу ҳолатни «асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат» ва «орзу-ҳавас» дея изоҳ берганлиги ҳолати жамоатчилик томонидан кескин муҳокама қилинмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маданият вазири О.Назарбековнинг тўйда қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни олаётганлиги ҳолати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётганлиги юзасидан Vaqt.uzʻга маълумотнома тақдим этди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуни 13-моддасида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 595-сон қарори билан тасдиқланган давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларининг 13-бандида давлат фуқаролик хизматчиси педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 595-сон қарори билан тасдиқланган давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларининг 3-бандига кўра, давлат хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиши лозимлиги ҳамда 7-бандига кўра, ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этиш йўлида фойдаланиши лозимлиги қайд этилган.

Шу билан биргаликда, мазкур қоидаларнинг 29-бандида давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлиши белгиланган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига О.Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш ва уни келгусида қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши лозимлиги ҳақида қатъий огоҳлантириш масаласини кўриб чиқиш бўйича сўровнома юборилди.

 Агентликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-270-сон Фармони билан Агентликка одоб-ахлоқ комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати берилган бўлиб, ҳозирда ушбу ваколатни амалга оширишнинг аниқ ва самарали механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Келгусида давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари Агентлик томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилади, деб маълумот берди Vaqt.uzʼга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Теглар

Мавзуга оид