Алишер Қодировдан янги таклиф: аёллар учун енгил жазоларни қайта кўриб чиқилиши керак
23.07.2025 | 18:208 дақиқа
«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Жиноят кодексида аёллар учун мавжуд енгиллаштирувчи моддаларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилиб, бундай «инсонийлик» жиноятларнинг янада кўпайишига олиб келиши мумкинлигини айтди.

Алишер Қодиров Тошкентда рўй берган даҳшатли воқеадан сўнг аёллар учун белгиланган енгил жазо чораларини танқид қилди. Унинг фикрича, икки ёшли боланинг ўлими учун атиги олти йил қамоқ жазоси жуда юмшоқ. Қодиров Жиноят кодексида аёллар учун мавжуд енгиллаштирувчи моддаларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилиб, бундай «инсонийлик» жиноятларнинг кўпайишига олиб келиши мумкинлигини айтди.
Воқеа 2025 йил 11 июл куни Тошкентдаги хусусий боғчалардан бирида юз берган. Суд бу шов-шувли иш бўйича ҳукм чиқарди. Терговга кўра, боғча тарбиячиси ва методисти болани мунтазам равишда калтаклаган: юзига урган, тепган, каравот ва полга отган.
Сўнгги маротаба қаттиқ калтаклангач, бола ҳушини йўқотган ва икки кундан кейин касалхонада вафот этган.
Қодиров: «Бу — жиноятга ундовчи инсонийлик эмасми?»
Унинг айтишича, боланинг ўлимига сабабчи бўлган тарбиячига атиги 6 йил қамоқ жазоси тайинлангани адолатсизликдир. Қодиров Жиноят кодексининг 50-моддасини мисол келтириб, аёл жиноятчилар учун жазо автоматик тарзда енгиллаштирилишини танқид қилди.
«Ҳар қандай аёл, жиноят оғирми-енгилми — ҳаттоки одам ўлдирган бўлса ҳам — тўлиқ жазонинг учдан икки қисмини олади. Бу, аслида, жиноятга ундовчи «инсонийлик» эмасми?» — дейди Қодиров.Унинг сўзларига кўра, партия бу моддани соҳа мутахассислари билан муҳокама қилиб, уни ўзгартириш бўйича расмий таклиф киритмоқчи. Шунингдек, Қодиров таълим тизимида ҳам муҳим ўзгаришлар кераклигини таъкидлади. У қуйидаги таклифларни илгари сурди:
- Тарбия ва таълим соҳасида ишловчи ходимлар учун пенсия ёшини 50 ёшгача тушириш;
- Пенсия ёшига етган шахсларнинг болалар билан бевосита ишлашини чеклаш;
- Таълим тизимидаги кадрларни янгилаш ва малакали ёш мутахассисларни жалб этиш.





