
Америка инвесторлари криптовалютадан юз ўгирмоқда
FINRA тадқиқоти АҚШда криптовалютага қизиқиш пасайганини кўрсатди: макроиқтисодий хавотирлар ва бозордаги ноаниқлик инвесторларни хавфсиз активларга ўтишга мажбур қилмоқда.

АҚШда криптовалюта бозорига бўлган қизиқиш сўнгги уч йилда сезиларли даражада камайди. Бу ҳақда мамлакат молия саноатидаги фаолиятни кузатувчи мустақил регулятор FINRA ўтказган кенг қамровли тадқиқотдан маълум бўлди. 2021–2024 йилларда криптоактивларга эгалик қилувчи инвесторлар улуши 27 фоиз атрофида барқарор сақланган бўлса-да, янги сотиб олишни режалаштираётганлар сони кескин қисқарган.
FINRA ҳисоботига кўра, криптовалюта харидини режалаштираётган инвесторлар улуши 2021 йилдаги 33 фоиздан 2024 йилда 26 фоизга тушган. Мутахассислар бу ўзгаришни инфляция, фоиз ставкалари ва умумий иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар билан изоҳлайди. Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, оптимизм паст бўлган шароитда инвесторлар хавфсизроқ активларга — облигациялар, депозитлар ва классик фонд бозори инструментларига ўтишни маъқул кўрмоқда.
Камайишнинг яна бир сабаби — криптовалютани хавфли деб ҳисобловчилар сонининг тобора ортаётгани. 2021 йили криптоинвестицияларни хатарли деб баҳолаганлар 58 фоиз бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 66 фоизга етган. Шу билан бирга, ҳар учинчи инвестор криптовалютага қисқа муддатли юқори даромад олиш умиди билан сармоя киритаётганини айтган.
Тадқиқот шундан далолат берадики, инвесторлар айрим юқори хавфли сегментларга ҳам қизиқиш билдирмоқда: 13 фоиз респондентлар мемкойнлар ва бошқа рақамли маҳсулотларни сотиб олган. 25 ёшдан кичик америкаликлар орасида бу улуш қарийб учдан бир қисмига тенг.
Яна бир муҳим тренд — 2021 йилдаги криптобумдан кейин бозорга кирувчилар сони кескин камайган. 2021 йилда янги инвесторлар улуши 21 фоизни ташкил этган бўлса, сўнгги икки йилда бу кўрсаткич атиги 8 фоиз бўлган. Бу эса аҳоли орасида криптовалютанинг фаровонлик омили сифатидаги жозибадорлиги пасайганини англатади.





