
Андижонда криптоактивлар билан боғлиқ йирик товламачилик фош этилди
Маълумотларга кўра, ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими дея таништирганлар фуқарони қўрқитиб, 100 минг долларлик криптоактивини тортиб олган.

Андижон вилоятида ўзларини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими деб таништириб, фуқарони қийноқ ва таҳдидлар орқали криптоактивларидан маҳрум қилган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, гуруҳ аъзолари криптоактивлар айирбошлаш билан шуғулланувчи шахсни олдиндан кузатиб, уни мижоз сифатида Андижон шаҳридаги супермаркетлардан бири олдига учрашувга чақирган. Учрашув вақтида жабрланувчи «Damas» автомашинасига ўтқазилиб, гумонланувчилар ўзларини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими сифатида таништирган. Улар жабрланувчини ноқонуний криптоайланма билан шуғулланишда айблаб, жиноий жавобгарлик билан қўрқитишган.
Қурол ва ўткир тиғли жисмлардан фойдаланган ҳолда қийноққа солиш орқали ундан 150 минг доллар талаб қилинган. Натижада товламачилик йўли билан 100 минг доллар миқдоридаги криптовалюта гумонланувчилар ҳисобларига ўтказиб олинган.
Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ таркибида муқаддам бир неча бор оғир жиноятлар учун судланган шахслар бўлган. Уларнинг айримлари ҳозирда мамлакат ҳудудини тарк этган бўлиб, халқаро қидирув чоралари кўрилмоқда. Қолган гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари давом этмоқда.
Тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзоларидан бири томонидан содир этилган қўшимча жиноят ҳам аниқланган. У аёл кишига куч ишлатиб, тан жароҳати етказгани, шунингдек, унинг iPhone 16 Pro Max телефонини тортиб олгани ва пул талаб қилгани маълум қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг товламачилик, талончилик ва бошқа бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ички ишлар органлари ушбу шахслардан жабр кўрган фуқароларни 102 рақами ёки яқин ИИБ бўлимларига мурожаат қилишга чақирмоқда.





