«Anthropic» раҳбари: СИга мослаша олмаган булутли компаниялар бозордан чиқиб кетиши мумкин

Сунъий интеллект ривожи булутли дастурий таъминот бозоридаги рақобат қоидаларини ўзгартириб, айрим компанияларни заифлаштириши, бошқаларни эса кучайтириши мумкин.

«Anthropic» раҳбари: СИга мослаша олмаган булутли компаниялар бозордан чиқиб кетиши мумкин © nypost

«Anthropic» раҳбари Дарио Амодеининг айтишича, сунъий интеллектга асосланган технологияларга мослаша олмаган «SaaS» (булутли дастурий таъминот) компаниялари бозордан чиқиб кетиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, илгари компаниялар ўз дастурий маҳсулотларининг мураккаблиги орқали рақобатчилардан ҳимоялана олар эди, аммо бу устунлик энди ўз аҳамиятини йўқотмоқда.

«Агар сизнинг асосий устунлигингиз – «бизнинг софт мураккаб, уни яратиш қийин, бошқалар бундай қила олмайди» деган фикр бўлса, бу давр тугади», – деди Амодеи Ню Йоркдаги чиқишида.

Унга кўра, бугунги кунда SaaS бозоридаги етакчи компанияларнинг келажаги ноаниқ – айримлари ўз қийматини йўқотиши, ҳатто банкрот бўлиши мумкин; бошқалари эса ўз вақтида стратегияни ўзгартирса, янада кучайиши мумкин.

Амодеининг айтишича, бозордаги айрим йирик ўйинчилар бу ўзгаришларни англаб, янги йўналишга ўтишга тайёр. Аммо бошқалар буни инобатга олмаса, кутилмаган ҳолда жиддий қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

«Anthropic» ва «софт-апокалипсис»

«Anthropic»нинг бизнес жараёнларини автоматлаштиришга қаратилган ҳаракатлари охирги ойларда айрим дастурий таъминот компаниялари акциялари қийматининг тушишига олиб келмоқда. «Reuters»нинг маълум қилишича, бу ҳолат инвесторларда «Claude» каби нейротармоқлар анъанавий дастур ишлаб чиқарувчиларни бозордан сиқиб чиқариши мумкин, деган хавотирларни кучайтирган.

Шу билан бирга, компаниянинг ўзи СИ асосидаги B2B воситалари мижозларни алмаштириш эмас, балки уларга яхшироқ натижа беришга хизмат қилишини таъкидламоқда.

«Илоҳийлик комплекси» ҳақида баҳс

«Nvidia» раҳбари Женсен Ҳуанг апрел ойи охирида СИ «апокалипсиси» ҳақидаги башоратларни танқид қилди. Унинг фикрича, бундай қўрқитишлар салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

«Агар биз битирувчиларни дастурчи бўлмасликка ишонтирсак, аммо кейин мамлакатга айнан улар керак бўлиб чиқса, бу катта зарар келтиради», – деди у.

Ҳуанг «Anthropic» раҳбари Дарио Амодеининг СИ технологиялари янги мутахассислар иш ўринларининг ярмини йўқ қилиши мумкинлиги ҳақидаги фикрини ҳам танқид қилди. Унинг айтишича, бундай прогнозлар баъзан ортиқча ишончдан келиб чиқади.

«Бу каби фикрларни мен каби компания раҳбарлари айтади. Бу лавозим сизда «ҳаммасини биламан» деган ҳис – «илоҳийлик комплекси»ни пайдо қилади», – деди Ҳуанг.

У, шунингдек, муаммо дастур ёзиш эмас, балки инновация яратиш эканини таъкидлади:

«Бизга кўпроқ код керак, чунки тасаввуримиз орқали соғлиқни сақлаш, фан, ишлаб чиқариш ва савдо каби соҳаларда янги ечимлар топамиз».

Теглар

Мавзуга оид