add

АҚШ компанияси «Lukoil»нинг хорижий активларини сотиб олишни кўриб чиқмоқда

АҚШнинг «Carlyle» инвестфонди санкция таҳдиди остида қолган «Lukoil»нинг хорижий активларини сотиб олиш имконини ўрганяпти.

АҚШ компанияси «Lukoil»нинг хорижий активларини сотиб олишни кўриб чиқмоқда

«Reuters» ахборот агентлигига кўра, АҚШнинг йирик инвестиция фонди «Carlyle» «Lukoil» компаниясининг хорижда жойлашган активларини сотиб олиш бўйича музокараларнинг дастлабки босқичида турибди. Манбалардан бири бу жараён ҳали дастлабки ўрганиш босқичида эканини айтса, яна бири «Carlyle» «Lukoil»га активларни сотиб олиш нияти билдирилгани ҳақида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, «Carlyle» битимни амалга ошириш учун аввал АҚШ ҳукуматидан тегишли рухсат олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Рухсат берилса, компания «Lukoil»нинг хорижий активларини тўлиқ ҳуқуқий ва молиявий текширувдан ўтказади.

Бироқ «Reuters»нинг бошқа бир манбаси «Carlyle» музокаралар жараёнида битимдан воз кечиши эҳтимоли ҳам борлигини истисно қилмади. Бунда асосий омил сифатида санкциялар юзасидан юзага келган номуайянлик ва вақтнинг қисқалиги қайд этилмоқда.

Маълумот ўрнида, АҚШ яқинда «Лукойл»ни санкциялар рўйхатига киритиб, компанияга ўз келишувларини якунлаш учун 21 ноябргача вақт берган. Агар қўшимча муддат берилмаса, «Lukoil» хорижий активларини жадал тарзда сотишга мажбур бўлади.

«Carlyle» фонди дунё бўйлаб 474 миллиард долларлик активларни бошқаради ва Вашингтон сиёсий доиралари билан яқин муносабатга эга экани таъкидланмоқда. Бу эса санкциялар шароитида ҳам битим амалга ошиши имконини ошириши мумкинлиги қайд этилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

АҚШ компанияси «Lukoil»нинг хорижий активларини сотиб олишни кўриб чиқмоқда | Vaqt.uz