АҚШ ва Хитой Ой ресурслари учун курашга киришди — NYT
NASA 2028-йилгача Ойга қайтишни режалаштирмоқда. «Artemis II» миссияси старт олди. Ойдаги муз ва ҳелий-3 захиралари янги космик пойга сабабчиси бўлди.

Янги космик эрада NASA ва Хитой каби гигантлар Ойнинг бизга кўринмайдиган орқа томони ва қутбларига асосий эътиборни қаратмоқда. Ой қутбларидаги кратерларда мавжуд муз қатлами ичимлик суви, кислород ва энг муҳими, ракета ёқилғиси манбаи бўлиши мумкин. Шунингдек, Ер юзида жуда кам учрайдиган (He) ҳелий-3 (бир фунти 9 млн фунт) термоядровий энергетика учун келажак ёқилғиси сифатида кўрилмоқда. Ойнинг орқа томони эса Ернинг радиошовқинларидан ҳимоялангани учун улкан радиотелескоплар ўрнатишга энг қулай жой ҳисобланади.
2026-йил 1-апрел куни Канаверал бурнудан «Orion» кемаси «Artemis II» миссияси доирасида коинотга кўтарилди. Тўрт нафар астронавтдан иборат экипаж айни дамда Ой атрофида 10 кунлик парвозни амалга ошириб, унинг орқа томонини ўз кўзлари билан кўришди.
Бу 1972-йилдан бери инсоннинг Ойга илк бор бу қадар яқин боришидир. Мазкур миссия 2028-йилда амалга оширилиши кутилаётган инсоннинг Ой юзасига қўниши (Artemis IV) учун замин тайёрлайди.
Космик пойга: АҚШ ва Хитой рақобати
АҚШ ўз олдига 2028-йилгача Ойга қайтиш мақсадини қўйган бўлса-да, Хитой бу борада жиддий рақиб бўлиб қолмоқда. Пекин 2030-йилгача ўз астронавтларини Ойга қўндиришни режалаштирган. Ҳозирда Хитой Ойнинг орқа томонидан тупроқ намуналарини олиб келган ягона давлат ҳисобланади. Шу йилнинг август ойида Хитойнинг «Chang'e 7» роботи Ойнинг жанубий қутбида сув қидириш ишларини бошлаши кутилмоқда.
NASAнинг яқин ўн йилликдаги «йўл харитаси» қисқа муддатли экспедициялардан доимий инфратузилмага ўтишни назарда тутади. Бунга энергия таъминоти тизимлари, алоқа тармоқлари ва ҳатто кичик ядровий электростанциялар қуриш киради. Жанубий қутбда база қуриш режаси ҳар икки давлатда ҳам мавжуд бўлиб, бу минтақавий устунлик учун курашни янада кескинлаштиради. Ким биринчи бўлиб доимий база қуришга муваффақ бўлса, Ой ресурсларини бошқаришда ҳал қилувчи овозга эга бўлиши мумкин.
Ой ресурсларининг қиймати
Ойдаги муз нафақат яшаш учун, балки Марсга парвоз қилишда «ёқилғи қуйиш шохобчаси» вазифасини ўтайди. Сувни водород ва кислородга парчалаш орқали олинган ёқилғи коинот кемаларининг Ерга қайтмасдан туриб узоқ масофаларга учишига имкон беради. Бундан ташқари, Ойнинг паст тортишиш кучи сабабли у ердан старт олиш Ердан учишга қараганда анча арзон ва осон кечади.
Ҳелий-3 захиралари эса Ер энергия инқирозига якун ясаши мумкин. Ушбу изотоп хавфсиз ва юқори самарали ядровий синтез учун идеал хомашё ҳисобланади. NYT таҳлилига кўра, Ойдаги иқтисодий ва ҳарбий устунлик келажакдаги глобал геосиёсий етакчиликнинг асосий омилига айланади. Шу сабабли, Вашингтон ва Пекин ўртасидаги «Ой учун жанг» энди илмий тадқиқот доирасидан чиқиб, стратегик манфаатлар майдонига кўчди.

