Logo

АҚШда хавфли инфекциядан илк ўлим ҳолатлари қайд этилди

Бугун 08:002 дақиқа

Мамлакат бўйлаб ушбу инфекция билан касалланганлар сони 18 мингдан ошган.

АҚШда хавфли инфекциядан илк ўлим ҳолатлари қайд этилди

АҚШнинг Мичиган штатида циклоспориаз эпидемияси оқибатида дастлабки ўлим ҳолатлари қайд этилди, мамлакат бўйлаб касалланганлар сони эса 18 мингдан ошган. Бу ҳақда Мичиган штати Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар департаменти ҳамда CNN телеканалиг маълум қилди.

Муассаса маълумотларига кўра, инфекция одатда ҳаёт учун хавф туғдирмайди ва бундай касалликда ўлим ҳолатлари кам учрайди. Бироқ Мичиганда икки нафар бемор вафот этган.

«Мичиганда тарқалган циклоспориаз эпидемияси давомида иккита ўлим ҳолати аниқланди. Тиббий маълумотларга кўра, ҳар икки шахсда ҳам жиддий ёндош касалликлар бўлган ва уларнинг аҳволи циклоспориаз ҳамда сувсизланиш оқибатида ёмонлашган бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатлар бўйича қўшимча маълумот берилмайди», — дейилади баёнотда.

Эпидемия кўлами ва олиб борилаётган текширувлар

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) ҳам ушбу ўлим ҳолатлари жорий эпидемияга алоқадор эканлигини тасдиқлаган. Маълумотларга кўра, ушбу мавсумда АҚШда 18 мингдан ортиқ циклоспориаз ҳолати аниқланган бўлиб, уларнинг 6707 таси лабораторияда тасдиқланган, яна 11,5 мингга яқини қўшимча текширувдан ўтказилмоқда.

Мичиган штатининг ўзида эса 11 234 та касалланиш ҳолати қайд этилиб, 193 киши шифохонага ётқизилган.

Маълумот ўрнида, циклоспориаз ифлосланган озиқ-овқат ёки сув орқали юқадиган микроскопик паразит томонидан чақирилади ва кучли диарея билан кечади. Даволанмаса, белгилар бир ой ва ундан кўпроқ давом этиши, бу эса сувсизланиш ва оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

Ҳозирда FDA (Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси), CDC ва штат расмийлари инфекция ўчоқларини текширишда давом этмоқда. Аввалроқ ушбу паразит билан боғлиқ ҳолатлар сабабли «Taylor Farms» компаниясининг айсберг салати партиялари сотувдан қайтариб олинган ва уларнинг бир қисми аллақачон истеъмол қилинган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Теглар

Мавзуга оид