Банк бошқарувида бир вақтнинг ўзида уч нафар янги раҳбар тасдиқланди. «Asia Alliance Bank» бизнесни кенгайтириш ва рақамли трансформацияни жадаллаштириш мақсадида бошқарув жамоасини кучайтирмоқда.
Дилшод Пўлатов Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. «O‘zuyjoyjamg‘armabank» ва «Kapitalbank»да (ғазначилик, молиявий таҳлил ҳамда актив ва пассивларни бошқариш йўналишларини кураторлик қилган) кўп йиллик тажрибага эга.

2025-йил сентябрдан 2026-йил апрелгача «Poytaxtbank» бошқарувига раҳбарлик қилган, шундан сўнг «Asia Alliance Bank» Бошқаруви раиси маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Жаҳонгир Умаров Бошқарув раиси ўринбосари лавозимини эгаллади. Корпоратив бизнес, инвестициялар ва рискларни бошқариш бўйича тажрибали мутахассис. Фаолиятини «Asakabank»да бошлаган, кейинчалик эса бевосита «Asia Alliance Bank»да кредит таваккалчиликлари ва корпоратив мижозларни кредитлаш йўналишларини ривожлантирган.

Илҳом Исамутдинов ҳам Бошқарув раиси ўринбосари этиб тасдиқланди. У технологик ривожланиш йўналишига масъул бўлади. Аввал «Turonbank»нинг IT-блокида ишлаган, 2016–2022-йилларда «Asia Alliance Bank»да ахборот технологиялари соҳасида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган, кейинроқ эса FIDOBIZNES финтех-компаниясида мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича бош директор ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Топ-менежмент таркибининг янгиланиши янги рақамли маҳсулотларни ишга тушириш ва банкнинг Ўзбекистон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш учун молия, риск-менежмент ва IT соҳаларидаги тажрибани бирлаштиради.
Реклама