add

Австралияда 16 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланди

Дунёда биринчи марта Австралияда 16 ёшга тўлмаганлар учун Facebook, Instagram ва TikTok каби тармоқлардан фойдаланиш қонунан ман этилди. Талабга амал қилмаган платформаларга катта жарима қўлланилади.

Австралияда 16 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланди

Австралия болаларни онлайн хавфлардан муҳофаза қилиш мақсадида жаҳонда биринчи бўлиб ижтимоий тармоқлар учун минимал ёш талабини жорий этди.

«Online Safety Amendment (Social Media Minimum Age) Act 2024» қонунига мувофиқ, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб 16 ёшга тўлмаган шахсларга ижтимоий тармоқларда аккаунт яратиш ва фойдаланиш тақиқланади.

Янги тартиб Facebook, Instagram, TikTok, Snapchat, X, YouTube, Reddit, Discord ва бошқа йирик платформаларга тўлиқ татбиқ этилади.

Қонун талаби фуқаролар ёки ота-оналарга эмас, балки платформаларнинг ўзига юклатилади. Шу боис компаниялар ёшга оид чекловга риоя қилиш, 16 ёшга етмаган фойдаланувчиларни аниқлаш ва уларнинг аккаунтларини ўчириш ёки блоклаш бўйича чора кўриши шарт.

Талаб бузилса, 49,5 миллион Австралия долларигача жарима қўлланилиши мумкин. Электрон хавфсизлик бўйича комиссар қонун ижросини назорат қилади.

Расмийлар бу қадам болаларни жазолашга қаратилмаганини, балки платформаларни масъулиятли ёндашувга ундашни мақсад қилганини таъкидламоқда.

Ҳукуматнинг фикрича, ўсмирлар ижтимоий тармоқлар таъсирига тушмасдан олдин танқидий фикрлаш ва рақамли саводхонликни ривожлантириш учун вақтга эга бўлиши керак.

Технология компаниялари эса янги талаблар бўйича иш бошланганини маълум қилган. Мета 450 дан ортиқ австралиялик ўсмирга аккаунтларни ўчириш ёки 16 ёшгача музлатиб қўйишни таклиф қилмоқда.TikTok эса хулқ-атвор таҳлилларига таяниб, тахминан 200 мингта ёш фойдаланувчини деактиватсия қилишни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, янги чекловнинг самараси борасида баҳслар ҳам мавжуд. 140 дан зиёд олим ва ҳуқуқ ҳимоячилари қатъий тақиқ ўсмирларни назорати паст рақобатчи платформаларга ўтиб кетишига олиб келиши мумкинлигини танқид қилмоқда. Платформалардан паспорт каби ҳужжатларни мажбурий сўраш талаб этилмагани ҳам амалиётда қийинчилик туғдириши мумкин.

Шунга қарамай, Австралия ҳукумати мамлакат «хавфсиз рақамли муҳит» яратиш йўлида глобал эксперимент майдонига айланганини таъкидлаб, бу ташаббус келгусида бошқа давлатларга намуна бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Австралияда 16 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланди | Vaqt.uz